Ватан ҳимояси муқаддас бурч!

Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг руёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таборак ва таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатидир. Сир эмаски, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик каби миллат танламас иллатлараро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмакон диёримизда тинч, фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ҳамда осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.
Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Ана шу ютуқларимизда бугунги замон талаблари асосида шаклланган Қуролли кучларимизнинг алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлидлигининг ишончли кафолатидир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлидлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Шу мақсадда 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни ” деб эълон қилинди.
Дарҳақиқат шонли Қуролли кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш ҳозирги вақтимизда энг шарафли ва энг масъулиятли бурчга айланди. Чунки, армия хизматидаги аскар, ўзининг ватанини, ота-онасини, ака-ука, опа-сингил ва оиласини ҳимоя қилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Аллоҳ таоло ризолиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир” деб марҳамат қилганлар.
Кишилик жамиятдаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга эга бўлади, зеро, тинчлик, бу – омонлик ва хотиржамлик асосидир.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни бажариши вожибдир. Шунингдек, Ватан ҳимояси фақат ҳарбий кишиларга эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар зиммасидаги бурчларидандир. Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, иймон–эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур” (Имом Термизий ривояти).
Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Бу байрамнинг кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду хуррамлик сиғади, дунё ободлиги давом этади.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ор-у номусини, иймонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган, уларнинг сўзи, аҳд-у паймонлари ва қасамёдлари қиличдан-да ўткир, кескир бўлган. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажери ва доғида ёниб ўтган Фурқатлар, Бобурлар ибрати беихтиёр кўз олдимизга Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби иймон эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.
Барчангизни 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” билан табриклаймиз, Аллоҳ таола мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскар-у зобитларимизни ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин.
Қ. Бойсариев,
Шоҳ Машраб жоме масжиди имом хатиби