Тумандаги чегара олди ҳудудида жойлашган “Саховат” маҳалласида “Ёшларга эътиборни чекка қишлоқлардан бошлаймиз” шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Туман ҳокими Р. Гаппаров ҳамда Давлат хафвсизлик хизмати чегара қўшинлари 9222 ҳарбий қисм командири Қ. Пўлатовлар ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари, ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этишди. Ҳарбий қисм хизматчилари ўзлари томонидан тайёрланган чиқишларини ўқувчи ёшларга, иштирокчиларга намойиш этишди.
ДХХ чегара қўшинлари жанговар хизмат фаолиятини ташкиллаштиришда хизмат ҳайвонлари хизмати алоҳида ўрин эгаллаган. Ушбу хизмат таркибида хизмат итлари ва хизмат отларидан Давлат чегарасини қўриқлашда фойдаланиш йўлга қўйилган. Хизмат итлари ёрдамида душманни қўлга олиш, қурол яширинган қуттини топиш жараёни ҳарбий хизматчилар томонидан амалиётда моҳирона кўрсатиб берилди. Хизмат отлари ёрдамида тоғли ва адирли ҳудудларида,техникаларнинг ҳаракатланиши қийин бўлган ҳудудларда чегара хизматини ўташда кенг фойдаланиб келинмоқда. Хизмат отидан тушмасдан туриб ерда ётган қуролни олиш усуллари кўрсатилганда томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. “Саховат” маҳалласи ҳудудида жойлашган 22-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун барча қулайликларга эга бўлган спорт майдончаси қурилиб ҳарбий қисм томонидан фойдаланишга топширилди. 300 дан ортиқ китоблар жамланмаси мактаб кутубхонасига ҳарбий хизматчилар томонидан совға қилинди. Жажжи болажонлар томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърлар айтилди. Тадбир якунида туман ҳокими ўринбосари Н.Алланазаров, халқ қабулхонаси туман бўлими мудири Р. Тўхтаев, мутасадди ташкилот раҳбарлари маҳалла аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди. Аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар туман ҳокимлиги томонидан назоратга олиниб, тегишли мутасаддиларга ижрога йўналтирилди. Тадбирдан сўнг байрам дастурхони ташкил этилди. Дастурхон атрофида ҳарбийлар, маҳалла аҳли биргаликда жамул-жам бўлишди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир ёш қалбида Ватанга муҳаббат уйғонди. Бизнинг тинчлигимиз, тунлари хотиржам ором олишимиз учун ўзларини жонларини фидо қилишга тайёр турган ҳарбийларни кўриб Ватанга хизмат қилиш олий саодатдир деган туйғуни ҳис этишди. Зеро, Вавтанга муносиб фарзанд бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА