Ҳалқ қабулҳонасига мурожаатларнинг натижалари

Таълим муассасалари, ташкилотларда уюшқоқлик билан ўтказилаётган тадбирларда айтилаётган инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият эканлиги барчага маълум. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидаги 33-моддада ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф, шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, бу ҳужжатлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт эканлиги белгиланган. Аҳоли муаммоларини ҳал этишда тегишли ҳужжатларда белгиланган вазифаларни билиш зарурлиги амалда тасдиғини топаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги Халқ қабулхонасига 2020 йил 11 ой давомида жами 1879 та ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди. Шулардан 390 таси юқори ташкилотларга юборилди. 105 таси бевосита халқ қабулхонасида кўриб чиқилди. 1384 таси ҳудудлардаги ташкилотларга юборилди. 2 ёшдан 14 ёшгача фарзандларига моддий ёрдам олиш, тадбиркорлик қилиш учун ер ажратиш, уй-жой масаласи, кредит олиш, ташкилот ходимларининг хатти-ҳаракати юзасидан, маиший газ баллон билан таъминлаш, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, электр таъминоти билан боғлиқ масалалар мурожаатларнинг асосий қисмини ташкил этди. Жами мурожаатларнинг 90 фоизи қаноатлантирилди. 10 фоизи эса назоратга олиниб, бажарилиш арафасида турибди. 1748 та мурожаатнинг натижаси тасдиқланди. 1548 та ҳолатда қаноатлантирилди. 567 таси ижобий ҳал этилди. 958 та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш натижасида ҳал этилди. 23 та мурожаат узоқ муддатли назоратга олинди. 126 таси бўйича асосли тушунтириш берилди.
Эришилаётган натижалар шуни тасдиқлайдики, кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилмоқда. Мисол учун, “Умид ниҳоллари” маҳалласида яшовчи фуқаро Феруза Хўжаева бир марталик моддий ёрдам пули ажратилишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унга 500000 сўм моддий ёрдам ажратилди. Тўғон маҳалласида яшовчи фуқаро Омонова Бибизор оилавий шароити оғирлиги сабабли бир марталик моддий ёрдам сўради. Унга ҳам 500000 сўм берилди. Элобод маҳалласида яшовчи фуқаро Абдураимова Ўғилой шифохонада даволаниш учун амалий ёрдам сўради. Туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти билан ҳамжиҳатликда ишлаб фуқаронинг даволаниши учун барча шароит яратилди. “Янги шаҳар” маҳалласида яшовчи фуқаро Тўрабоев Чоршанби шароити оғирлиги учун 2 нафар фарзандига мактаб кийими олишда амалий ёрдам сўради. Ҳомийлар ёрдамида 2 нафар мактаб ўқувчисига кийим–кечак тўлиқ олиб берилди. Киндиктепа маҳалласида яшовчи Хуррамова Ситоранинг фарзандига суюнчи пули олиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Бундай мисолларни кўп ёзиш мумкин.
Халқ қабулхоналари давлат органлари билан халқ орасида мустақил кўприк бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Биз қураётган ҳуқуқий-демократик давлатда қонун устувор йўналиш ҳисобланади. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилмоғи лозим” деган шиорга амал қилиб ишлаш сектор раҳбарлари, барча ташкилот бошлиқларининг ва бизнинг асосий вазифамиздир. Тинч ва осойишта яшаётган бағрикенг халқимизга хизмат қилсак, ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини қонун асосида ҳимоя қилсак улар фаол меҳнат қилиб манафаатдор бўлади. Фаровон яшайди.

Қ. ДАВЛАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси
И. УМАРОВ,
мутахассиси