Инсонлар ҳар доим тиббиёт ходимларининг меҳнатини улуғлаб келган. Саломатликни сақлаш, зарур чоғда даволанишда шифокорнинг текшируви, маслаҳатлари, ҳамширанинг муолажаси беморларнинг жонига мадад бағишлайди. Тиббиёт муассасалари тизимдаги касаба уюшмаси соҳа ходимларини ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан муҳофаза қилади. Туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси намунали фаолияти билан кўпчиликка ибрат кўрсатмоқда.
Касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнати, саломатлиги, манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотнинг мунтазам фаолияти учун хона, мебеллар, компьютер жамламаси билан таъминланган.
2020 йилда касаба уюшмаси қўмитаси фаоллари вазифаларини бажариб тиббиёт ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилди, турли мавзуларда йиғилишлар, спорт мусобақалари ўтказди. Маънавий-маърифий ишлар бўлими билан биргаликда даволаш-профилактика муассасалари, қишлоқ оилавий поликлиникаларда “Маънавият соатлари”ни режа асосида амалга оширди. Мавзулари хилма-хил. “Тил байрами” мавзусида улуғ алломалар Қошқарий, Аҳмад Яссавий, Навоийнинг ўзбек тилида сўзлашиб, унинг ривожига қўшган ҳиссаси, она тилимизга давлат мақоми берилгани ҳақида маъруза қилишди. Мумтоз адабиёт вакили С. Шерозий ижодига мансуб: ширин сўз шилгай душман пўстини-ю, дағал сўз душман қилар дўстини” мисралари муомала маданиятини ривожлантириши билан аҳамиятли. Одамлар орасига кириб келаётган салбий ҳолатлардан “Худбинлик”, “Субмаданият ҳақида тушунча”сини таҳлил қилиб, маънавий, ахлоқий фазилатларни тарғиб қилди. Пандемия даврида онлайн тарзда тадбирлар амалга ошди.
Касаба уюшмаси қўмитаси 150 нафар кам таъминланган моддий ёрдам сўрган тиббиёт ходимига 25443000 сўм моддий ёрдам пули берди. Кам таъминланган ишчи ходимларнинг 30 нафар фарзандига Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан 1650000 сўмлик дарслик, ўқув қуроллари олиб берди. Умумхалқ байрамлари, Халқаро ҳамширалар куни, Тиббиёт ходимлари куни, Байналминал жангчилар куни муносабати билан ҳам эъзоз ва эҳтиром кўрсатди. 176 нафар ҳамширага 8482000 минг сўмлик қимматбаҳо совғалар улашди. 46 нафар нафақага чиқувчи ишчи ходимларга эсдалик совғаларини топширди. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан касаба уюшмаси қўмитаси маблағи ҳисобидан 100 нафар фаол ходимга 9000000 сўмлик эсдалик совғаларини тарқатди. Байналминал жангчилар ҳам эътиборда. Улардаги юксак ватанпарварлик туйғулари қадрланаяпти. ҳозир тинч замонда яшаётган бундай тумандошларга байрам тадбири ўтказиб, эсдалик совғалари билан тақдирлади.
10 нафар ишчи ходимни соғломлаштириш мақсадида касаба уюшмасининг ижтимоий суғурта маблағи ҳисобидан санаторияларга йўлланмалар ажратди. Улар Чинобод, Турон, Умид гулшани, Ботаника, Бўстон, Чимён, Термиз марвариди, Оқ тош, Зомин, Абу Али ибн Сино деб номланган санаторияларда даволаниб келди. Туман тиббиёт бирлашмаси бўлимлари, КТМП, ҚОП, ҚВП ишчи ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиздаги қадимий ёдгорликлар, Хўжаипок зиёрат манзилларига саёҳатларга борди. “Zodiak-Kacaba-Sayr” корхонаси ва вилоят автотранспорт хусусий корхонаси бу мароқли саёҳатларни амалга ошириш учун 5674000 минг сўм маблағ сарфлади.
Тиббиёт ходимларига коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёнларида ҳимояланиш учун тиббий ниқоблар, шахсий бир марталик кийимлар олиб берилди. Бунинг учун касаба уюшмалари бюджети ҳисобидан 9500000 сўм маблағ сарфланди. 2021 йил – Янги йил байрамини хурсандчилик билан кутиб олишди. Тиббиёт бирлашмасидаги кам таъминланган ва кўп болали тиббиёт ходимларининг 225 нафар фарзандига 8000000 сўмлик қорбобо совғалари тарқатди.
Спорт-соғломлаштириш ишлари инсон саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилишда қўл келмоқда. Касалликларнинг тури, беморларнинг ёши инобатга олиниб спорт машқларини бажариш зарурлиги ҳеч кимга сир эмас. Тиббиёт бирлашмасида ишловчи ходимлар ўртасида футбол, шахмат-шашка, қўл кучини синаш спорт турлари бўйича мусобақалар қизиқарли бўлди. Бу ўйинларда қатнашган 25 нафар ғолиб иштирокчи 10125000 минг сўмлик эсдалик совғалари билан мукофатланди. Марказий касалхонада, Кўп тармоқли марказий поликлиникада, Н. Мирзаев кўп тармоқли поликлиника филиалида спорт тадбирлари бўлиб ўтди. Поликлиника ходимларидан Г. Менгнарова шашка, Ш. Жўраев шахмат мусобақасида 1-ўринни эгаллади. Шошилинч тиббий ёрдам бўлими ходимлари ўртасида футбол мусобақаси анъанавий тус олди. Ҳоким кубоги учун мини-футбол мусобақасида бир гуруҳ шошилинч тиббий ёрдам бўлими ходимларидан иборат футбол жамоаси қатнашганлиги ҳам фахрли.
2021 йилда тиббиёт ходимларининг касаба уюшмаси қўмитаси фаолиятида янги орзулар амалга оширилиши кутилмоқда. Волейбол ва мини-футбол майдонлари учун жой ажратилиб, жиҳозлаш режалаштирилди. Режа амалга ошгач соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ривожланади.
Дилшода
Шойимқулова,
туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси