Таниқли ёзувчи, сўз устаси Абдулла Қаҳҳор “Синчалак” асарида ёш, иқтидорли, уддабурон, ақли расо қиз тимсолини ўрнак олишга арзигулик ҳолда бадиий талқин қилди. Асар мустабид тузумдаги айрим кимсаларнинг хатти-ҳаракати, ишдаги сусткашлигига қарши курашган, ёш бўлса-да тараққиётга эришиш мақсадида дадиллик намуналарини кўрсатганлиги билан шуҳрат қозонган. Ўша даврдаги мактаб ўқувчилари ёзувчининг ижодий иши маҳсулини ўқиб вояга етган. Ғайрат-шижоати ошган. Умр йўлини тўғри танлаб ижобий қаҳрамон – қиз тимсоли фазилатларини ўрганган, ҳаётида қўллаб ютуқларга эришишда муҳим омил сифатида амалга оширган.
Асар ёзилганига кўп йиллар бўлди. Орада тузум ўзгарди. Жамиятда янги шахсни камолга етказиш талаблари янгиланди. Бундай улуғвор ишлар натижасида адабиёт соҳасида фаолият кўрсатаётган ижодкорларга зарур вазифалар қўйилди. Кўп янги асарлар, бадиий китоблар нашр қилинди. Шулар билан биргаликда машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг довруғи баланд. “Синчалак” асаридагидек қаҳрамонга, қиз тимсолига эҳтиёжи мавжуд. Нега сиз аввалги даврдаги асар ва ундаги ижобий қаҳрамон ҳақида ёзаяпсиз, ҳозир замон ўзгарди-ку, – деб ўйлайдиганлар, айтадиганлар бўлишига шубҳа йўқ. Гап ёшларимизнинг қандай фазилатларга эга бўлишида. Адабиёт ўзининг моҳиятига кўра одоб ўргатувчи буюк манба, маънавий куч. Замон ўзгарсада аҳоли орасида ёшлар бўлади. Улар ижтимоий ҳаёт талабларига асосан тарбияланади. Бунда адабиётнинг иштироки ҳеч қачон сўнмайди. Бугунги ёш авлод жамиятимиз пойдеворини мустаҳкамловчи, эзгуликларни амалга оширувчи, яратувчанлик, бунёдкорлик фазилатларини намоён қилувчи, инсонийлик нуқтаи назаридан фаолият кўрсатиб, ютуқларга эришувчи куч-қудратга эга бўлиши зарур. Шу ўринда “Синчалак” асаридаги қаҳрамон қиз тимсолини эслаш ўринлидек туюлади.
Ёшлар ҳозирги давр талабларига монанд фаол бўлса, уларнинг ҳар жабҳада иштирокига шарт-шароитлар яратилса, зарур чоғда қўллаб-қувватланса, улар иш жараёнларида ва кундалик ҳаётда инсонийлигини кўрсатса, мустақилликка эришган давлатимиз ривожланади. Бугунги ёшларимизни ҳақли равишда Истиқлол фарзандлари деб атаймиз. Чунки улар Ўзбекистон мустақил давлат бўлгач туғилди. Давлатимиз раҳбарларининг соғлом авлодни камолга етказиш мақсадида амалга жорий этган ва этаётган муҳим ҳужжатлари асосида таълим-тарбия олиб улғаймоқда. Вояга етганлари меҳнат жараёнларида қатнашаяпти. Уларга билим ва куч-қувват бағишлашда бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс эканлигини унутмаслик керак. Асарларда ёзувчиларнинг типик усулда яратган қаҳрамонлари фазилатларидан ўрганиш ижобий натижаларни беради. Шунинг учун адабиётга дўст бўлинг, китобхонликни ривожлантиринг. Яхши асарларни ўқиб-ўрганган ёшларнинг эзгу фазилатлари, феъл-атвори намунали бўлади. Ўзи ва ўзгаларга яхшилик келтиради.
Н. МУҲАММАДИЕВ