Ҳалол савдо барака омилидир

Маълумки ҳозирги даврда кўпгина жамиятларда кишилар ўртасида бир-бирининг ҳаққига хиёнат қилиш ҳоллари жуда ҳам кўп учрамоқда. Албатта бу хиёнатларнинг кўплари савдо сотиқ ва олди-берди ишларида кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Баъзи кишилар бозорнинг ёзилмаган қонун-қоидалари шартларини ўйлаб топдилар. Ҳатто иш шу даражага етдики бозорга бирор нарса олиб келган кишини бозорга олиб кирмасдан турли баҳоналар билан молини олиш пайига тушганлар ёхуд бир киши бир нарх айтса шундан оширмасликка ёхуд бир киши ҳали олинган молни баҳосини бермасдан бу нарса меники мен оламан деса бошқа бирор киши ўша нарсани ёнига яқин йўламасликка келишиб олганлар йўқ эмас. Исломда бунинг ҳукми қандай? Шундай йўл тутиш жоизми? Пайғамбаримиз с.а.в. ҳузурига сахобаи икромлар кириб қурғоқчилик туфайли бозорларимизда нархлар ошиб кетди, сиз бир нарх белгилаб беринг, бизлар ўша нархдан оширмасдан сотамиз деганларида нархни оллоҳ ўзи белгилайди, сизлар инсоф қилиб диёнат билан сотинглар дедилар.
Демак баъзи кишиларнинг бозордаги нарсани фалон сўмдан оширмаймиз ёки фалон сўмдан камига сотмаймиз деб келишиб олишлари ислом нуқтаи назаридан жоиз эмас. Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз с.а.в. мусулмон мусулмоннинг совчиси устига совчи қўймасин, савдоси устига савдо қилмасин деганлар. Шу ҳадисга мувофиқ бировнинг савдоси устига савдо қилиш жоиз эмас. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. «Отлиқлар йўлини тўсиб чиқманг ерлик саҳроликка сотиб бермасин одамларни тек қўйинг оллоҳ уларнинг баъзиси билан баъзисини ризқлантириб туради»- деганлар. Бу ҳадиснинг маъноси шундай бозорга бирор нарса сотиш учун келаётган одамнинг йўлини тўсманг у бозорга кириб сотмоқчи бўлган нарсасини нархини билсин. Агар бозорга кирмасдан сотиб юборган бўлсаю бозорга киргач сотган нарсасини қиммат эканлигини билса сотувчи ўз молини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ерлик саҳроликка сотиб бермасин яъни шаҳарлик қишлоқдан келган одамнинг молини сотиб бермасин баъзи ривоятларда даллоллик қилмасин дейилган. Чунки бунда сунъий тарзда нархни ошишига сабаб бор. Ерлик киши саҳроликнинг молини мен сенинг молингни қимматроққа сотиб бераман, эвазига менга фалон сўмини берасан дейишлиги яъни нархни сунъий тарзда оширишлиги даллоллик қилишлиги мумкин эмас. Уламолар бирор нарса умид қилмасдан эвазсиз (холис) бўлса сотиб бериш жоиз деганлар. Одамларни тек қўйинг оллоҳ баъзиси билан баъзисини ризқлантириб туради дегани агарчи қишлоқдан келган киши ўзи билган ҳар ҳолда молини арзон сотиб қўйса ҳам зиёни йўқ. Чунки оллоҳ улар сабаб бошқаларни ризқлантириб туради. Киши бозорда эркин савдо қилиш имконига эга бўлади, бозордаги нарх-навони сунъий тарзда ошишининг олди олинади. Бошқа ҳадисда эса Пайғамбаримиз с.а.в. «Кўп қасам ичманглар, қасам савдо молининг бозорини чаққон қилсада баракасини кетказади»- деганлар. Мусулмон кишига молини айбини беркитиб, ёлғон сўзлаб, ёлғон қасам ичиб савдо қилиш ҳалол бўлмайди. Зеро, савдода ҳалоллик барака омилидир.
Зокирхон Омонов,
тумандаги «Мухторхон ҳожи» жоме масжиди имом хатиби