Авваломбор барча юртдошларимизни яіинлашиб келаётган 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан чин юракдан самимий табриклайман ва ушбу мақоламни Ватанимиз сарҳадларини кеча-ю кундуз ишонч билан ҳимоя қилаётган мард ўғлонларимизга бағишламоқчиман.
Ҳар йили Ватан ҳимоячилари байрами арафасида мени ажиб бир ҳис қамраб олади. Бу бир томондан қандайдир Ватанга муҳаббат билан йўғрилган тотли, самимий ҳиссиётлар бўлса, яна бир томондан юракни зирқиратувчи, оғриқли руҳий кечинмалардир. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлиш қийин деганларидек, Ватан қадрини, унинг ҳар бир қарич тупроғи нақадар азиз эканлигини ўзга юртларда мусофир бўлганларгина яхши билишади…
Бундан роппа-роса 40 йил муқаддам Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли бурчимни адо этиш мақсадида ҳарбий хизмат сафарида бўлишимга тўғри келди. Ўша пайтлари ҳозирги Жаҳон тиллари Университетининг 2-курсида таҳсил олардим. Инглиз ва рус тилларини яхши билганим учунми ёки бўйим узунлиги 180 см.дан ортиқ бўлгани учунми ўша пайтдаги энг замонавий жанговар қуроллар билан қуролланган Денгиз пиёдачилари ҳарбий қисмида хизмат қилишга олишди.
Асосий базаси Шимолий Муз океани ҳарбий Денгиз флотига қарашли Североморск шаҳрида жойлашган эди. Вазифамиз қуруқлик ва денгизда Норвегия давлати билан ўртада ўтган чегарани қўриқлашдан иборат эди. Норвегия ўша пайтда НАТО ҳарбий блокига аъзо давлат бўлганлиги сабабли бизнинг ҳарбий қисмда жанговар тайёргарлик жуда кучайтирилган ва хизмат бурчларини бажариш жуда машаққатли эди. Ҳаво жуда совуқ бўлганига қарамасдан чегарада навбатма-навбат кеча-ю кундуз 2 соатдан туришга мажбур эдик. Баъзи кунлари ҳаво ҳарорати -50-55 гача совиб кетарди. Қуруқликдаги чегаранинг узунлиги тахминан 25 километр. Чегаралар ўртасида бетараф зона йўқ эди. Шундоққина 3 қатор қилиб тортилган сим тўрнинг нариги томонида Норвегия давлати чегарачилари турарди. Ўртамиздаги масофа тахминан 25-30 метрлар келади. Низом бўйича улар билан гаплашиш ёки имо-ишора қилиш мумкин эмас. Уларнинг зобитлари қорда юрувчи машинада ҳар соатда келишарди ва чегарачиларини алмаштириб кетарди. Негадир бир нарсага тушунмасдим. Уларнинг чегарачилари бир соатда алмашади. Бизнинг чегарачилар эса ҳар икки соат алмашади.
Хаёлимда бир воқеа сақланиб қолган. Постда турибман. Қўлимда автомат. Сим тўрнинг нариги томонида шундоққина рўпарамда Норвегия давлати чегарачиси турибди. Уларнинг зобитлари келишди ва мени кўриб “Russian”, “Russian” деб сўкиб кетишди. Ҳар куни деярли аҳвол шу. Менинг инглиз тилини билишим уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Бир куни постдаги ҳарбийларни алмаштириш пайтида яна сўкинишни бошлади. Жаҳлим чиқди. Автомат затворини шарақлатиб жанговар ҳолатга келтирдим. Улар менга ҳайрон бўлиб қарашди. Мен соф инглиз тилида биринчидан сўкинмасликни ва иккинчидан “I am not Russian” яъни мен рус эмасман дедим. Уларнинг ҳайратлари яна ошди. –“Do you know English?”. –“Сен инглиз тилини биласанми?” деб сўрашди. “Yes, I do”. – Ҳа, мен инглиз тилини биламан,-деб жавоб қайтардим.
Улар қизиқиб яна сўрай бошлашди: “Сен рус бўлмасанг, кимсан?”. Мен уларга жавоб қайтараман: “I am Uzbek. I am from Uzbekistan”. Уларнинг ҳайратлари яна ошади. “Агар сен ўзбек бўлсанг, ватанинг Ўзбекистон бўлса, бу ерда совуқда нима қилиб турибсан” – деб сўрашади. Мен Ватанни ҳимоя қилаяпман,-деб жавоб бераман. Улар яна сўрашади: “Ватанинг- Ўзбекистон қаерда жойлашган?”. Мен уларга Ўзбекистон жанубда жойлашганлигини, унинг ширин-шакар мевалари-ю, меҳмондўст халқи ҳақида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Афсуски улар на Ўзбекистон ҳақида, на қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро ҳақида умуман ҳеч нарса билишмас экан… Уларнинг гапларидан шуни билдимки улар собиқ Совет иттифоқи давлатида фақат руслар яшайди деб тушунар экан…
Мени ҳанузгача бир савол қийнайди. Ўзбекистон деб аталган Ватанимдан 10 000 километр узоқликда, қорли ўлкада ҳарбий хизматда бўлиб қандай Ватанни, кимдан ва нима учун ҳимоя қилганман? Бу саволга ҳанузгача жавоб беришга ожизман…
Авваломбор, Ватанни Ватан қилган, уни кўкларга кўтариб бутун дунёга танитган биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақларига дуо қиламан. Худо раҳмат қилсин! Шунингдек, ушбу байрам арафасида у кишининг сафдошлари ва издошлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Ватан ободлиги ва равнақи йўлида қилаётган улкан хизматларида метиндек ирода, битмас-туганмас куч-қувват ва соғлиқ тилайман!
Хусан БЕКНАЗАРОВ,
тумандаги 27-сонли умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси