Янги йил оқшомида

Диллар орзиққан янги йил оқшоми. Меҳрибон уйда ёлғиз. У парқу булутлардай оппоқ рўмолини эгнига ташлаган ҳолда хона бўйлаб бориб-келади. Шу пайт кетма-кет жиринглаган телефон қўнғироғи унинг хаёлини тариқдек сачратиб юборди.
-Эшитаман! Орзу, сенмисан?!
 У тарафдан ҳам аёл кишининг беозор овози эшитилди. Ташқарида эса оппоқ қор тинмай ёғарди.
-Бораман, Орзу ҳар йили…
-Кечикмайсанми, Меҳри…
-Иложи борича…
-Қара-да!
Меҳрибон гўшакни қўйди. Сўнг эса одатига кўра девордаги соатга умидли нигоҳ ташлади. Ҳали … эрта. У бу йил киришида ҳам келармикан? Қизиқ, У – ўзи ким-а?! Нега ҳар йили совға олиб келиб, деразанинг кўча тарафига қўяди, кетади? Меҳрибон яна соат милларига боқди. Вақт гўё бир жойида тўхтаб қолгандек … Қор эса ташқарида беозор ва беун ёғаверади, ёғаверади.
Телефон яна “сайраб” қолди. Меҳри дугонасига боришини қайта-қайта айтди. Дарпардаси икки ёнга суриб қўйилган дераза қаршисидаги кўча чироғи эса қор учқунлари – “капалаклар”ни намойиш этишидан ҳали-ҳануз чарчамасди. Меҳрибон вақт ўтказиш учун телевизор мурувватини буради. Бир хонанда “куйдим-ёндим”дан роса олди. Аёлнинг нигоҳи экранда, хаёли эса ташқарини кезади-у, яна келармикин? Меҳрибон ўрнидан сапчиб турди. Эгнидаги рўмолига яна яхшилаб ўраниб олди. Соат эса имиллагани-имиллаган “чиқ-чиқ”…
Шу сафар журъат қилиб, истиқболига чиқаман, кимлигини, мақсадини биламан. Ахир, бунга ҳақлиман-ку!” Ўйлар гирдобидаги аёл ўз фикридан уялиб кетди. “Борди-ю, тортинчоқ бир йигит бўлса-чи? Уни чўчитиб қўймайманми, ўзи? Ахир, меҳр-муҳаббат, яхши муносабатлар бобида шошилмаслик керак – дейишади. Умуман, у ким ўзи …? Меҳри қизиқарди. Аммо, чувалашиб кетган хаёлий саволларига жавоб тополмаса-да, ранжимасди. Телефоннинг бу галги қўнғироғи уй соҳибасига унча ҳам хушёқмади. Хонада безатилган арчага бир қаради.
-Келмайсанми, дугона?! Шу илмий ишни деб…?
-Э-э, Орзужон! Шошилмасанг-чи?!
– Сенга ҳеч тушунмадим. Келиб Нигорага қараб, овутиб турсанг бўларди-ёв?
Дугонаси ундан нолиди, бироз. Меҳрибон эса узилган кинолентани ахтаргандек “хаёл дафтари”ни яна “варақлай бошлади”. Бир вақт қараса … соат миллари 11.35 ни кўрсатиб турарди. Аёлнинг юраги ҳар йил алмашувидаги сингари гупиллаб ура бошлади. Ҳозир 5 дақиқадан сўнг … Кўча чироқлари эса ҳамон қор учқунлари билан “овора” эди. Бир пайт у дераза ортидан қадам товушини эшитди. “Келди! Ким экан-а?! Чиқсаммикан, тинч қўйинг – деб ёлворсаммикан? О-оҳ, чин севгининг тузоғи, азоблари бунчалар ширин бўлмаса …” Меҳрибон оппоқ булутлардек орзулар оғушида, муҳаббатнинг қудратли тўлқинлари гирдобида қолган эди. Дераза рафидаги “Шампан” виноси, гулдаста ва совғаларга кўзи тушгач эса … бу йил ҳам “армон”да қолганлигини ҳис этди. “Кирмаса кирмасин! Зорликдан интиқ ҳам бўлаётганим йўқ.” Шу фикр хаёлидан яшиндек ўтган аёл беихтиёр эшик томон юзланди. Яна ҳовлига чиқиб ҳар гапидан тортинчоқ ва уятчан кишининг совғаларини олиб бағрига маҳкам босганча хона остонасини ҳатлади. Қор учқунлари ажиб бир зеб бериб турган бу совғалар ҳароратли, шунчалар ёқимли эдики … Соат миллари 12 га саноқли дақиқалар қолганлигини кўрсатди. Аёл ҳар галги одатига кўра барқ уриб турган гулларни тувакка жойлади, япроқларига қўлларини текизиб оҳиста силади. Сўнг эса ”Шампан” виносини очди. Ноз-неъмат тўла дастурхонда ёнма-ён турган бир жуфт қадаҳга винодан қуйди. “Балким, исми Меҳмондир ёки Раҳимдилдир…”
Соат 12 га бонг урди. Орзулар оғушида янги йил ташриф буюрди. Меҳрибон шошмасдан қадаҳлардан бирини қўлига олди-да, иккинчисига оҳиста теккизди.
-Олинг, ўзи ҳозирча номаълум, сирли азизим! Янги йил, орзулар, бахт ва муҳаббат учун, – дея винодан ҳўплади. Қалбида ширин ҳисларини туйган Меҳрибон роҳат билан бир хўрсинди-ю  чексиз ўйларидан яна бир бор ҳаловат топди.
“Келади, у Осмоним! Янги йил яна келади, менинг Танҳогинам ҳам! Фақат…” Аёл сўнгги сўзни хаёлидан буткул ўчириш учун тезликда ҳовлига отилди-ю, дугонаси Орзугулнинг уйи томон шошилди.
           Ўрол АБРАЕВ,
      Янгиер маҳалласи