Қонундаги ўзгаришлардан хабардормисиз?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 198-моддасига тузатишлар киритилди. Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш.
Оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди».
Юқоридаги ҳолатлар содир этилганда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Бош прокуратура билан 2007 йилда ишлаб чиқилган тартибга асосан 20 кунлик муддат ичида бошқарма бошлиғи имзоси билан хат шаклида прокуратура органларига ўтказиб берилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 79-модда. Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш.
Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ғайрат Рахманов,
Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекциячи бош мутахассиси