Фирибгардан огоҳ бўлинг!

Фирибгарлик жинояти — иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кириб, жиноят кодексининг 168-моддасида ушбу жиноятга таъриф берилган.
Унга кўра фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир.
Фирибгарлик жиноятини содир этганлик учун жиноятни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда суд томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар тайинланади.
Афсуски, статистик маълумотларга кўра ушбу жиноят тури туман ҳудудида ҳам содир этилиб кўпайиб бормоқда. Суд амалиётига кўра, фирибгарлик жиноятини содир этаётган шахслар фуқароларни алдашнинг янги-янги усулларидан фойдаланмоқдалар. Т.Н. (исм – фамилияси ўзгартирилган) муқаддам фирибгарлик ва талончилик жиноятларини содир қилганлиги учун судланиб, судланганлик муддати ўтмасдан яна фирибгарлик йўли билан моддий бойлик орттириш мақсадида, тумандаги автобекатга бориб, у ерда Шўрчи йўналиши бўйича қатновчи такси автомашиналари ҳайдовчилари орқали Шўрчи туманидаги танишига пул юбормоқчи бўлган Қумқўрғон туманида яшовчи фуқаро Д.Ю.(исм-фамилияси ўзгартирилган) га ўзини Шўрчи туманига қатнайдиган ҳайдовчи қилиб таништириб, унинг ишончига кириб, анча миқдордаги 25 миллион сўм пулларини айтилган манзилга етказиб беришини айтиб,алдаб олиб, ҳодиса жойидан яширинган ва ушбу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжига ишлатиб юборган ҳолда фуқаро Д.Ю га 25 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказган. Судланувчи Т.Н . қонун бўйича жавобгарликка тортилди ҳамда жазо муқаррарлиги таъминланди. Сизнинг ишончингиздан айрим нопок шахслар ўз манфаати йўлидан фойдаланиши ва Сизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилиши мумкинлигини доимо эътиборга олишингизни сўраймиз. Фирибгарлик жинояти қурбони бўлмаслик учун ўзга шахсларнинг турли ёлғон ваъда ва кафолатларига ишониб қолмаслик, ўз пул маблағингиз ва мулкингизни бошқа шахсларга топширишда ҳар тарафлама чуқур хулоса қилган ҳолда иш кўришингизни, ушбу жиноятдан ҳимояланиш биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг.
Ш. Акрамов,
туман прокурори