Сурҳондарёда аёллар клуби иш бошлади

Сурхондарё вилояти Баркамол авлод болалар мактаби катта тадбирлар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши қошидаги “Депутат аёллар клуби”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши ходимлари, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази Сурхондарё вилояти бўлими, Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Сурхондарё бўлими, ЎзМДТПдан сайланган Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутат аёллари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Мамлакатимизда хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик, тазйиқ ва зўравонлик, гендер масалалари борасида мавжуд муаммоларни тизимли ҳамда манзилли ҳал этиш, шунингдек жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, хотин-қизларга оид қонунчилик устидан жамоатчилик, депутатлик ва парламент назоратини ўрнатиш ва бу борада хотин-қизлар масаласи билан бевосита фаолият юритувчи Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ижтимоий соҳада хотин-қизлар масалаларига оид белгиланган мақсад, вазифаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон сиёсий партиялари тарихида биринчи марта сиёсатчи аёлларни бирлаштирувчи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қошидаги “Депутат аёллар клуби” фаолияти йўлга қўйилди.
Таъсис этилган клубнинг мақсади:
– барча даражадаги аёл депутатларнинг мулоқот ва тажриба майдонини яратиш;
– Партия тизимида 368 нафар ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатларга “Устоз-шогирд” анъанасига кўра, ҳудудлардаги “Аёллар қаноти” фаоллари бўлган хотин-қизларни бириктириш орқали сиёсатчи аёлларнинг янги авлодини тарбиялашдир.
Бугунги кунда “Депутат аёллар клуби”нинг ижтимоий тармоқда телеграм гуруҳи ишга туширилиб, фаолияти доирасида тажриба алмашиш йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида партия томонидан мамлакатимизда қабул қилинган Гендер масалаларига оид қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида партия тизимида гендер статистикаси ва гендер рейтинглари ишлаб чиқилди.
Айни кунда партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгашининг:
– 29970 нафар умумий аъзолари сонидан – 11932 нафари;
– Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг – 4 нафари;
– Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг – 21 нафари;
– Кенгаш раисларининг – 2 нафари;
– Кенгаш раиси ўринбосарларининг – 16 нафари;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган аъзоларининг 4 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Айни кунда партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш юзасидан @MTAyollarmurojaatiBotи ишга туширилди.
Партиянинг барча ҳудудий Кенгашлар қошида хотин-қизлар мурожаатлари билан тизимли ишлаш мақсадида Ишонч телефонлари ишга туширилди.
Бугун фаолиятининг йўлга қўйилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши қошидаги “Депутат аёллар клуби” сиёсий партиялар тарихида янги ташаббус сифатида чин маънода сиёсатчи аёллар учун ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни шакллантирувчи мактаби бўлиб хизмат қилади. Зеро, маслаҳатлашиб иш қилиш – бу азалий қадриятдир.
Мазкур тадбирда вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг фаолиятини такомилаштириш, уларнинг ўзларига берилган ваколатларидан кенгроқ фойдаланишга оид масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Келгусида “Депутат аёллар клуби”нинг стратегик Йўл харитаси белгилаб олинди.
Қ. Чоршанбиев,
ЎзМТП туман Кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати