Туман ҳокимлиги, Ёшлар агентлиги Қумқўрғон туман бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши, туман Мудофаа ишлари бўлими ҳамкорликда “Ёшлар фестивали” ва “Ватанпарвар ойлиги”га бағишланган маънавий-маърифий тадбирни ўтказди. Ёшлар фестивалининг тантанали ёпилиш маросими туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби майдонида қизғин тайёргарлик ва қизиқарли томошаларга бой ҳолда амалга оширилди. Чиройли кўргазмали восита, ҳарбий техникалар, аттракционлар, улкан айиқлар байрам тусини олган тадбирга кўрк қўшди. Хушовоз сухандонлар кўп йиллик тажрибаси ва маҳоратини намоён қилди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри ижросида марш садолари янграб, ҳарбий қисмларнинг баҳодирлари шахдам қадамлар ташлаб майдонга кириб келди. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янгради.
Туман ҳокими Р. Гаппаров тантанали тадбирда маъруза қилди. 19-23 декабрь кунлари мобайнида туманимиз ёшлари маънавий-маърифий, маданият, спорт тадбирларида қатнашди. Қисқа вақтда билимдонлик, китобхонлик, заковат, спорт мусобақалари бўлиб ўтди. 12000 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди. Улар нималарга қодирлигини амалда кўрсатди. Ғолибларни тақдирлаш маросими катта шодиёнага айланди, – деди туман ҳокими. Спорт мусобақаларининг ғолиблари, “Боботоғ гуллари” ва “Маҳлиё” фольклор-этнографик ансамблларнинг санъаткорлари, “Заковат” интеллектуал ўйинида муваффақиятга эришган, Фан олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар, ҳарбий қисм командирлари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Тадбирда Болалар-ўсмирлар спорт мактаби спортчилари кўргазмали чиқишларини намойиш қилди. Туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Б. Худойбердиев ташкилотчилигидаги тадбир қизиқарли томошалари билан давом этди. Ҳарбий қисмларнинг матонатли ҳарбийлари қизиқарли томошалари билан барчага яхши кайфият бағишлади. Итни овозли ва овозсиз ҳолда масофадан бошқариш, қутилардан бирида яширилган қуролни ит ёрдамида топиш, Махсус қидирув гуруҳининг машқлари, қўл жанги усуллари, қуроллар воситасида кўрсатган тайёргарлик натижалари яхши таассурот қолдирди. Шундан сўнг туман маданият бўлими санъаткорлари ва ҳарбийлар катта концерт дастурини тақдим этди. Халқаро Бахшичилик ва “Бойсун баҳори” фестиваллари иштирокчиси Юлдуз Орипова, туман санъаткорларининг фахри Шуҳрат Узоқов, Жуманазар Эшқобилов, Исломиддин Маҳкамов, ёшларнинг устози Наргиза Хурсанова, ҳарбий хонанда Озодбек Орипов қўшиқлар айтди. Чиройли либослардаги раққосалар рақсларини ижро этди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 15 декабрдан 15 январгача бўладиган “Ватанпарварлик ойлиги”га бағишлаб марш ва миллий куйларни чалиб томошабинларга хурсандчилик улашди. Юртимизнинг мудофаа қудратини янада оширишга қизиқаётган ёшлар ҳарбий техникалар ва қуроллар кўргазмасини томоша қилди. Ҳарбийлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Н. МУҲАММАДИЕВ