Бағдодлик савдогар бир куни бозорда Баҳлулни учратиб қолди.
– “Жаноб Баҳлул, қандай мол сотиб олсам, катта фойда кўраман?” – сўради у.
– “Темир ва пахта сотиб ол” – жавоб берди Баҳлул.
Савдогар унинг айтганини қилиб, жуда катта фойда қилди.
Савдогар иккинчи марта Баҳлулни кўрганида сўради:
– “Эй девона Баҳлул, катта фойда қилиш учун қанақа мол сотиб олай?”.
– “Пиёз ва қовун сотиб ол” – жавоб берди Баҳлул.
Савдогар яна Баҳлулнинг айтганини қилиб, пиёз ва қовун сотиб олди, аммо ўша йили ҳаво иссиқ келиб, қовун ва пиёз сасиб кетди, савдогар уларни дарёга оқизиб юборишга мажбур бўлди. Натижада катта зарар кўрди.
Савдогар тезда Баҳлулни қидириб топди:
– “Берган маслаҳатингдан ўргилдим, нуқул зарар кўриб, қарзга ботдим-ку?” – деди куюниб у.
– “Биринчи марта менга жаноб деб мурожаат қилдинг, олийжаноблик билан жавоб бердим, аммо кейинги дафъа мени девона дединг, мен ҳам девоналарча жавоб қилдим” – деди Баҳлул.