Сурхондарё вилоят судларида “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг амалий ифодаси

2020 йилнинг 3 сентябрь куни Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди. Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда.

Сурхондарё вилоят судлари раислари ҳамда судьялари Президентимизнинг ушбу қарорларидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш, судларга мурожаат қилувчи фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг вақти ҳамда маблағини бекорга сарфланишини олдини олиш мақсадида, вилоят, туман (шаҳар) халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда, видеоконференцалоқа режимида ҳафтанинг шанба куни шахсий қабуллар ўтказиб келишмоқда.

Жорий йилнинг 5 декабрь куни қабулларда Узун, Сариосиё, Денов, Бойсун туман фуқаролари қатнашган бўлсалар, 19 декабрь куни вилоятимизнинг Шеробод, Музработ, Қизириқ, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон туман фуқаролари судларга оид масалалар юзасидан ўз мурожаатларини ўзлари жойлашган ҳудуддаги халқ қабулхоналаридан туриб тақдим этдилар.

Ушбу қабулларда жами 34 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, уларга суд қарорларига нисбатан шикоят қилиш тартиби, шикоят бериш ҳуқуқига эга шахслар тоифаси ҳамда судлар фаолиятига оид бошқа ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, қабулларда ёзма равишда мурожаат қилган фуқароларнинг ариза ва шикоятлари халқ қабулхоналари орқали қабул қилиниб, назоратга олинди.

Сурхондарё вилоят судлари бундан кейин ҳам замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, бу каби масофавий қабулларни доимий тарзда ташкилаштириб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Жиноят ишлари бўйича

Сурхондарё вилоят судининг раиси                                     Х.Қудратов

Жиноят ишлари бўйича

Қумқўрғон туман судининг раиси                                      О.Эргашев