Давлатимиз рамзи

Давлат мадҳияси Давлат герби, Давлат байроғи сингари Давлатнинг рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII сонли “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган. Қонунда мадҳиямиз Давлат суверенитети эканлиги унга ҳамма эҳтиром билан қараш, ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи эканлиги қайд этилган.
Қонунда Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек,мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳияси асосан тантанавор йиғилишлар вақтида, жамият ҳамда муҳим Давлат аҳамиятига молик воқеаларни нишонлаш юзасидан ўтказилаётган маросимларда, халқаро спорт мусобақаларида ғолибларни мукофотлаш чоғида ва бошқа алоҳида тадбирларда ижро этилади.
Давлат мадҳиясининг муаллифи (Серқуёш ҳур ўлкам шеъри) Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, унинг мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти атоқли композитор М. Бурхонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлар аро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Давлатимиз рамзлари бўлмиш байроқ, герб ва мадҳияга ҳурматсизлик қилиш Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 215 моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорида жарима ёки 360 соатгача маъмурий жамоат ишлари ёҳуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавитини юксалтириш, ёшларни ватанпарлик руҳида тарбиялаш масалаларига алохида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларга Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Малоҳат Азимова,
тумандаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси