Намунали дарс самарадорликни оширади

 

Туманимиздаги 20-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Таълим муассасаларида фаолият юритаётган бошланғич синф ўқувчиларининг амалий семинари” ўтказилди. Туман ХТБ Бошланғич таълим методисти Г. Нормуродова ташкилотчилигида ташкил этилган туман миқёсидаги тадбир “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деб номланди. Умумтаълим мактабларидан келган ўқитувчилар мактаб фаолияти билан танишди. Намунали очиқ дарсларга кириб билимлари ва кўникмаларини оширди. Ўқитувчи М. Холмўминова 1 “А” синфда Алифбе фанидан “Ff товуши, Ff ҳарфлари”, ўқитувчи Х. Тўраева 2 “Б” синфда математика фанидан “Кўпайтириш ва бўлиш”, ўқитувчи М. Аллаярова 3 “В” синфда ўқиш фанидан “Янги йил арчасида”, ўқитувчи М. Номазова 4 “Б” синфда математика фанидан “Кўп хонали сонни икки хонали сонга ёзма равишда кўпайтиришни тушунтириш билан ечиш” мавзуларида намунали очиқ дарсларини ўтди. “Беш ташаббус биз билан” деб номланган, ноанъанавий технологияларга асосланган дарслар қизиқарлиги ва мазмунлиги билан ўқувчилар ҳамда ўқитувчиларнинг эътиборини жалб қилди.
Шундан сўнг кенг, кўргазмали воситалар билан яхши жиҳозланган хонада дарслар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлди. Ташкилий қисмда 20-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий, маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Саломов педагогларга амалий семинарнинг мазмуни ҳақида гапирди. Иқтидорли мактаб ўқувчилари саҳнада “Буратино” рақси, қўшиқлар ижро этди. Қиш мавзусида шеър айтди. Ўқитувчилар иштирокидаги психологик тренинг ҳам яхши кайфият баҳшлади. 37-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий, маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б. Султонов ўзи ёзган шеърларини ўқиди. Туман ХТБ методисти намунали очиқ дарслар таҳлили бўйича маъруза қилди. Ўқитувчилар қатнашган дарслари фикр-мулоҳазаларини айтди. Бир гуруҳ педагоглар туман ХТБ мудири томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Н. МУҲАММАДИЕВ