Фан ойлиги доирасида

Мамлакатимиз таълим тизимида ажойиб анъана бор. Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 13 августдаги “Халқ таълими тизимида узлуксиз методик хизмат кўрсатиш ишларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 183-сонли “Фан ойликлари”ни ўтказиш тўғрисидаги буйруғига асосан тумандаги 14-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатида декабрь – “Тарбия ва ижтимоий фанлар ойлиги ”, деб эълон қилинди.
Шу асосда тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, таълим жараёнига тадбиқ қилинди. Турли хил тадбирлар, кўрик-танловлар ҳамда намунали очиқ дарслар ўтказилди.
Тарих фани ўқитувчилари А. Қосимов, З. Нормуҳамедов, А. Эгамбердиев, А. Ҳимматов ўз фанлари бўйича турли мавзуларда очиқ дарслар ташкил этишди.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида “Қомусимиз-ифтихоримиз”, “Бола ҳуқуқлари болаликдан бошланади”, “Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жавобгарлиги” мавзуларида деворий газеталар танлови, “Оила-жамиятнинг мустаҳкам қўрғони” давра суҳбати, “Сиз тарихни биласизми?” кўрик-танлови, тарихий кинофильмлар ҳафталиги, “Ватан мадҳи-расмларда” каби кўрик-танловлар бўлиб ўтди.
Фан ойлиги муносабати билан мактаб-интернати 9-синф ўқувчилари Суд ва судлар фаолияти билан танишиш мақсадида Қумқўрғон тумани жиноят ва иқтисодий судлар биносига келишиб, судлар фаолияти, суд жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Ўқувчилар ўзлари қизиққан саволларига жавоб олишди, судлар фаолияти бўйича кўникма ва тасаввурга эга бўлишдилар.
Фан ойликларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ўқитувчилар ижодий фаоллигини кучайтириш, истеъдодли, изланувчан, ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва тарғибот қилиш, таълим сифати ҳамда ўқувчиларнинг қобилиятини янада оширишни назарда тутади.

Абдисаттор ҚОСИМОВ,
тумандаги 14-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати директор ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.