Маҳалла аҳлига ғамҳўрлик

Туман ҳокимлиги мажлислар залида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Вазирлигининг туман (шаҳар)лар бўлимлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари бўйича вилоят семинари ўтказилди.
Вилоят миқёсида маҳаллалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари фаолияти бўйича амалга оширилган тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари М. Қобулова бошқарди. Юқори савияда ташкил этилган семинарда вилоят ташкилотлари вакиллари, туманлардан, Термиз шаҳаридан таклиф этилган ҳоким ўринбосарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқлари ва ходимлари қатнашди.
Маърузачилар бугунги кунда маҳаллаларда амалга оширилиши зарур масалалар мавзусида сўзга чиқди. Кенг экранда интерактив усулда жорий этилган ҳужжатларда амалга оширилган вазифалар намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси С. Қурбонов аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармонидан келиб чиқадиган ишлар ҳақида гапирди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ш. Одинаев уй шароитида коронавирусдан даволанаётган беморларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш, уларга дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ва патронаж вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш механизмлари мавзусини тушунтирди. Вилоят кадастри бош муҳандиси Ф. Ашуров юридик ва жисмоний шахсларга ер ажратиш тартиби, ер участкалари ва биноларга мулк муносабатлари, ноқонуний қурилиш, фуқаролар яшаб келаётган уй-жойга тааллуқли қонунда кўрсатилган ишларни бажариш имкониятлари ҳақида атрофилича сўзлади. Сенатор, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари О. Соатов ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маҳаллалардаги жамоатчилик комиссиялари, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Ота-оналар университети”, ёшларнинг жамоатчилик гуруҳи фаолияти ҳақидаги иш тажрибалари билан ўртоқлашди.
“Аёллар дафтари”ни тузиш, профилактика инспекторлари фаолияти, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларга қарши кураш, бунда режа тузиш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, мутасаддиларнинг аҳолига ҳисобатларини тақдим этиши жараёнларини тизимли ташкил қилиш ҳақидаги вазифаларни бажаришга ҳам эътибор қаратилди. Туманда маҳаллалар фаолиятига доир ўқув семинари ўтказиш бўйича топшириқ берилди.
               З. ХИДИРОВА,
туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи