22 декабръ-Энергетиклар куни

Маълумки, 22 декабрь энг қисқа кундуз ва энг узун тун бўладиган сана. Бу санада сайёрамизнинг Бош энергетиги – Қуёшдан бизга энг кам ёруғлик ва иссиқлик тушади. Энергия истеъмоли энг кўп бўладиган ушбу кунда МДҲ мамлакатларининг аксариятида энергетика соҳаси ходимлари касб байрамини нишонлайди. Хусусан, Украина, Беларусь, Қирғизистон ва Россия қатори Ўзбекистонда ҳам бу санада энергетиклар куни байрам қилинади.
Албатта, энергетиклар касб байрами атайин ушбу энг қисқа кун бўладиган санага мосланган эмас. Авваллари бу сана декабрнинг учинчи якшанбасига тўғри келар эди. Қўшни Қозоғистонда ҳозир ҳам шундай. Бироқ 1980 йилда сана таъсис этилган қарорда байрам 22 декабрь кунига белгиланган эди. Шу сабабли кўп жойда мазкур сана айнан 22 декабрь сифатида ўрнашиб қолган. Бунинг тарихи эса 1920 йилнинг 22 декабрида ГОЭЛРО режаси қабул қилингани билан боғлиқдир.
Энергетика соҳаси жамият ҳаётида қандай катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашга ҳожат йўқ. Уйларимизга иссиқлик ва ёруғлик улашадиган, ишлаб чиқариш корхоналарида ускуна ва дастгоҳларини ҳаракатга келтирадиган ва умуман замонавий ҳаётнинг барча-барча соҳасида асосий ўрин тутадиган жабҳа, шубҳасиз, энергетикадир!
Қумқўрғон тумани электр таъминоти корхонаси 1978 йилдан туман электр тармоқлари номи билан фаолият бошлаган.Унгача электр тармоқларига эксплуатацион техник хизмат кўрсатиш бўйича устачилик бўлими сифатида фаолият юритган. Туман электр таъминоти корхонасида 67 нафар ишчи ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Битта диспетчерлик хизмати бўлими, энергия сотиш бўлими, тўртта ҳудудда устачилик бўлимлари аҳоли учун хизмат кўрсатишмоқда. Ҳозирги кунда туман электр таъминоти корхонаси бир кунда истеъмолчиларга 210 миллион сўмлик электр энергиясини етказиб бермоқда. Маиший истеъмолчиларга 19950 дона замонавий масофадан бошқариладиган электрон ҳисоблагичлар бепул ўрнатилиб, ҳозиргача ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда, – дейди туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Юсуф Холмўминов.
Сана муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб меҳнат қилаётган барча энергетика соҳаси ходимларини – монтёрлар, электриклар, теплотехник, муҳандислар, диспетчерлар, олийгоҳларда таълим олаётган бўлғуси мутахассислар ва умуман соҳага дахлдор барча-барчани чин дилдан табриклаймиз. Ишингиз бехатар, таъминотингиз узлуксиз бўлсин! Байрам муборак, энергетиклар!
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА