Туманимизда оммавий спорт ўйинларини ривожлантириб аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний чиниқтириш мумкин. Жисмоний тарбия билан шуғулланиб куч-қувватга тўлган инсоннинг ютуғи кўп бўлади. Аввало, жисми соғлом ривожланади. Ташқи қиёфасида ижобий ўзгаришлар сезилади. Вақти чоғ ўтиб ишхонаси ва турмушида ютуқларга эришади. Буни тўғри тушунган ташкилотчиларнинг спорт мусобақасини ўтказишга шарт-шароитларни яратиши уларнинг қалбидаги эзгу кайфиятларини янада оширади. Спорт иншоотида жисмоний тайёргарлигини кўрсатиши, соғлом турмуш тарзига амал қилишига имкон яратади.
Тошкент ирригиция ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Қумқўрғон агросаноат техникуми спорт залида ташкил этилган туман ҳокими кубоги учун мини футбол мусобақаси шундай аҳамият касб этди. Туман ҳокими Р. Гаппаров мусобақани тантанали бошланиш жараёнида сўзга чиқиб, ҳозир инсонлар бир кунда 5000 қадам пиёда юриш ёки футбол ўйинида оммавий равишда қатнашиш вазифаси қўйилган. Биз туман ишхоналарида ишлаётганлардан тузилган жамоалар ўртасида футбол мусобақасини ташкил этдик. Бу мусобақада қатнашаётганлар туманнинг фахри, -деди мамнун ҳолда.
Туман ҳокими кубогини қўлга киритишни хоҳлаётган жамоалар ёпиқ спорт залида мини футбол усулларини бажариб ғолиб чиқиш ниятида майдонга тушди. Дастлаб туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси футбол жамоалари ўзаро ўйинда қатнашди. Улар қизиқарли, муросасиз ҳужумларга бой футболни намойиш қилиб 2:2 ҳисобида дурангга эришди. Шу тариқа оммавий спорт ўйинлари авж олди. Жисмоний тарбияга меҳри баланд ёшлар ўз ишхонаси жамоаси таркибида футбол ўйнади. ғолиблик нашидаси, шодлик, саломатлик, дўстлик устунлиги амалда яққол кўринди.