ҚОНУНЧИЛИКДА ЯНГИЛИКЛАР

  1. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти (ЎРҚ–645, 05.11.2020 й.).

Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилди.

185²-модданинг биринчи қисмида совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

185²-модданинг иккинчи қисмида совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятида, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда жамоат жойларида, худди шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрганлик учун ашёларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай 1 млн 150 минг сўмгача жарима жазоси белгиланди.

Ушбу маъмурий ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш – 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Қурол тўғрисида”ги Қонунга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар тушунчаси киритилди.

Бундай ашёларга қуйидагилар киритилади:

касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган санчиладиган, кесувчи) ашёлар;

жисмоний куч ишлатганда шикаст етказиши мумкин бўлган (бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар) ашёлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

  1. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди
(ЎРҚ–562-сон, 02.09.2019 й.)

Қонуннинг мақсади Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари

  • қонунийлик;
  • демократизм;
  • хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
  • жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;
  • очиқлик ва шаффофлик.

Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланади, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмайди.

Бунда:

  • бола туғиш ва кўкрак сути билан озиқлантириш;
  • муддатли ҳарбий хизматга фақат эркакларни чақириш;
  • ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишида вақтинчалик махсус чоралар кўриш;
  • қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартибида фарқларни белгилаш кабилар жинси бўйича камситиш ҳисобланмайди.

Эндиликда қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилади.

Давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш учун бир жинсдаги ходимлар учун лавозимлар вақтинчалик квоталаниши мумкин. Бунда квоталаш хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблигига эришилганда бекор қилиниши мумкин.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш;

мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантириш;

жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш;

меҳнатга оид ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;

оилани, болаликни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш;

жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотдан жамиятни ҳимоя қилиш;

мазкур соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этиш;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

Давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак.

Хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди.

Хотин-қизлар ва эркаклар ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга.

Давлат таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркакларга тенг имкониятлар яратилишини таъминлайди.

Қонунга кўра агар шахс ўзини жинси бўйича камситишга дучор этилган деб ҳисобласа судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинси бўйича камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

  1. Судья фаолиятининг самарадорлиги электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланади

“Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-6127-сон, 07.12.2020 й.) қабул қилинди.

-Фармонга кўра, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши (Кенгаш) ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

– илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади;

-судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур (“психологик тест”) ишлаб чиқилади;

– судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилади.

 Фармонга кўра:

Президент томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинади;

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади;

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, “Ибратли судья” мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилади.

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилади.

 

  1. “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти
  2. Фармоннинг мақсади

Давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш.

  1. Фармоннинг моҳияти

Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:

Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;

Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;

Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;

Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;

Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати.

Молия вазирлиги марказий аппаратида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилди.

Фармонга кўра, 32 та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15 та давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади.

Шунингдек, Фармон билан:

274 та давлат улушлари бор корхона;

109 та газета, нашриёт ва журналлар;

26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари;

27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари;

12 та ёғ-мой саноати корхоналари;

31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланди.

Давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин.

2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференциялар хатловдан ўтказилиб, уларни бекор қилишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармонга асосан давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилади.

Қумқўрғон туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси                                                  Д.Худайқулова