Конституция халқ фаровонлиги ва юрт тинчлигининг асоси ҳисобланади

Конституция ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, моддий ва маънавий борлиғимиздир. Уни ўрганиш, маъно-мазмунини ёшларимизга етказиш зиммамиздаги устувор вазифа саналади.

Давлатимиз раҳбари “Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт”, деб бежиз айтмаганлар. Ривожланган мамлакатлар тараққиётига назар ташлайдиган бўлсак, улар ўз конституцияларини қадрлаб, унга ҳурмат кўрсатишганини кўрамиз.

“Конституция – мамлакатнинг бош қомуси” деб эътироф этилишининг боиси ҳам шунда. Чиндан ҳам, асосий қомусимизни яратиш зарурати муҳим сиёсий жараёнда юзага келиб, мустақиллик, бозор иқтисодиёти, ижтимоий ва маънавий қадриятлар, инсон ҳуқуқларига янгича ёндашув, давлат ҳокимияти тизимини яратишга катта ҳисса қўшди.

Конститутсия лойиҳасини яратишда Бирлашган миллатлар ташкилотининг ҳужжатларига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилинди.

Шунингдек, ривожланган демократик давлатлар ҳисобланмиш АҚШ, Япония, Канада, Германия, Франсия, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испаниянинг ҳамда шарқ мамлакатларидан Ҳиндистон, Покистон, Миср давлатларининг Конститутция тажрибасидан ижодий фойдаланилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат.

Муқаддимада Конституция қабул қилиш сабаблари ва мамлакатимиз олдига қўйилган вазифалар белгиланган.

1-бўлимда Ўзбекистон Республикасининг мустақил давлат сифатидаги асосий конституциявий принциплари кўрсатилган. Бундай принциплар қаторига давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги ҳамда ташқи сиёсат тамойиллари киради.

“Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган 2-бўлимда инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонга хос яхлит ва кенг тизимидир.

Конституция Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқароликнп ўрнатди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Ўзбекистонда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши Конституцияда мустаҳкамланган,  ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли, мерос ҳуқуқи билан кафолатланади.

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқига эгадир.

Барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади. Ҳар бир инсон билим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Конституцияда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуклидирлар. Конституция ва қонунларга риоя этиш фуқаролар учун мажбурийдир. Ўзбекистонни ҳимоя қилиш — мамлакат ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Конституциянинг 3-бўлими „Жамият ва шахс“ деб аталади.

Бу бўлимда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланиши баён этилган.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, фойдаланиши ва уни тасарруф этиши таъкидланади.

Рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.

Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Конституцияда кўрсатилишича, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, шунингдек, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Цензурага йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланади.

Конституциянинг 4-бўлими Ўзбекистон Республикасининг маъмурий ҳудудий тузилишига бағишланган.

5-бўлим давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳақида бўлиб, унда ҳокимият ваколатларини тақсимлаш принципи ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари, Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти, сайлов тизими, прокуратура, молия ва кредит, мудофаа ва хавфсизликка оид алоҳида боблар бор.

Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби сўнгги 6-бўлимда ўз ифодасини топган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида 2/3, қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бугунги кунгача 14 марта ўзгартириш киритилган. Булар:

1) 28.12.1993 й. (77-модда)

2) 24.04.2003 й. (XVIII, XIX, XX, XXIII-боблар)

3) 11.04.2007 й. (89, 93, 102-моддалар)

4) 25.12.2008 й. (77-модда)

5) 18.04.2011 й. (78, 80, 93, 96, 98-моддалар)

6) 12.12.2011 й. (90-модда)

7) 16.04.2014 й. (32, 78, 93, 98, 103, 117-моддалар)

8) 06.04.2017 й. (80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддалар)

9) 31.05.2017 й. (80, 93, 108 ва 109-моддалар)

10) 29.08.2017 й. (99 ва 102-моддалар)

11) 15.10.2018 й. (105-модда)

12) 18.02.2019 й. (80 ва 93-моддалари)

13) 05.03.2019 й. (79, 93 ва 98-моддалар)

14) 04.09.2019 й. (96 ва 117-моддалар)

Эътибор берадиган бўлсак киритилган аксарият ўзгартириш ва қўшимчаларнинг таг замирида инсон манфаатлари ётибди.

2019-йил 4-сентябрда Конституциянинг 2 та моддасига ўзгартиришлар киритилди. Шунга мувофиқ, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Маълумки, ўтган уч-тўрт йил давомида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам шиддатли ислоҳотлар амалга оширилди.

Кейинги даврда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Бу борада муайян натижаларга эришилгани халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Дийего Гарсия-Саяннинг таъкидлашича, ана шу туб янгиланишларнинг моҳияти, жумладан, судяларнинг мустақил қарор қабул қилишига халал берадиган сиёсий таъсирларни камайтиришга қаратилганида яққол намоён бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.

Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Бинобарин, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан биридир.

Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Демакки, Конституцияни қотиб қолган қоидалар йиғиндиси, деб бўлмайди.

Конституция динамик, яъни доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжатдир. У ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс эттиради.

 

Туман адлия

бўлими бошлиғи                                                Р.Султанов