Қишлоқ ҳўжалиги ҳодимлари куни кенг нишонланди

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Юртимиз бўйлаб нишонланаётган ушбу сана “Ҳосил байрами” тадбирлари билан уйғун ўтмоқда. Байрам муносабати билан туманимиздаги “Боғаро” маҳалласида жойлашган аҳоли дам олиш масканида туман ҳокими Р.Гаппаров соҳа ходимларини табриклаб, барча меҳнаткашларга миннатдорчилик билдирди. Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилган ҳолда, келгусидаги муҳим вазифаларга эътиборни қаратди. Жумладан, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш,унинг талон- тарож қилинишининг олдини олиш,яроқсиз ҳолга келиб қолган қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш ва шу орқали меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш ҳақида сўз юритди.
Жорий йилги мавсумда юқори кўрсаткичларга эришган ва туман пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлар, агрофирмаларга қимматбаҳо совғалар топширилди. “Тўмарис” тантаналар саройида бир пиёла чой устида байрам шукуҳи давом этди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, аграр соҳа ходимлари, меҳнат фахрийлари, деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Ўзбекона урфимиз бўлган фахрийларга тўн кийгизилиб, эсталик совғалар топширилди. “Ниҳол” мукофоти совриндори Ферузахоним, эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Жаноб Расулнинг чиқишлари, туманимиз санъаткорлари томонидан намойиш этилган концерт дастури байрам қатнашчиларига хуш кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА