Улкан тариҳий имконият

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир. Дарс жараёнимда мен ҳам ўқувчиларига Қомусимиздаги моддалардан ёд олишларини ва ҳаёт йўлларида фойдаланишлари учун зарурлигини уқтираман. Ҳаётий мисоллар асосида моддалардан тушунчалар беришга ҳаракат қиламан. Миллий истиқлол туфайли халқимизнинг тамомила янги, инсон манфаатларини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи чинакам демократик Конституциясини яратишдек улкан тарихий имконият вужудга келди. Биз эса ўз Конституциямизга мувофиқ яшаб, меҳнат қилаётганлигимиз, янги жамият қуриш йўлидан бораётганимиз баробарида асосий Қонунимизни пухта ва мукаммал ўрганиб боришимиз лозим.
Наргиза Салимова,
83-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси