ВАТАННИ ҚЎРИҚЛАШ МАРДЛАРНИНГ БУРЧИ

Туман Мудофаа ишлари бўлимида 2021 йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига саралашда жиноятчилик ва қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан сайёр қабул йиғилиши ўтказилди. Тадбирда мудофаа ишлар ходимлари, тиббий комиссия аъзолари, ҳарбий ҳисоб бошлиқлари, чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Б. Худойбердиев йиғилишни кириш сўзи билан очиб, кун тартибидаги масалалар билан таништирди. Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Б. Бекмуродов маърузасида 2021 йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига чақирилувчиларни жалб қилишда уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, соғлиги ҳамда моддий аҳволига катта эътибор беришни таъкидлади. 2021 йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга жалб қилинаётган чақирилувчиларга ва уларнинг ота-оналарига ҳозирги замон талаблари, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касб эгасидан юксак ватанпарварлик, жисмоний тайёргарлик, билим савиясининг юқори бўлиши, шунингдек, интеллектуал салоҳияти ривожланган фуқаролар танлаб олиниши ҳақида атрофлича тушунтирди.
Термиз ҳарбий прокурори, адлия подполковниги Ш. Ташматов кун тартибидаги иккинчи масала бўйича сўзга чиқиб, Ватан ҳимоячиларига давр талаби, ҳар қандай об-ҳавода, қийинчиликларда сабот билан бардош бериш, барча тўсиқларни енгиш, ҳарбий хизматларга қодир йигитлар чақирилиши зарурлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчиларни ва уларнинг ота-оналарини ҳарбий хизматга юбориш учун таъмагирлик қиладиган ёки муддатли ҳарбий хизматга юбориш эвазига пора оладиган шахслардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Агар шундай қонун бузилишлари кузатилса дарҳол ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат этишларини тушунтирди.
Маърузачилар чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари қизиққан саволларга жавоб берди. Йиғилиш сўнггида кўрилган масалалар, маърузалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар маълумот ва ижро учун қабул қилинди.