Соғлигинг -туман бойлигинг

Халқимиз “Соғлом танда – соғ ақл” мақолининг маъносини тўғри тушунади. Соғлом бўлиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, жисмоний тарбия машқларини бажариш зарурлигини билади. Туман тиббиёт бирлашмасидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4891-сон “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни кенг миқёсда амалга оширмоқда.
Шифокорлар ва ҳамширалар иш жараёнларида янгича усулни қўллаяпти. Соғлом турмуш тарзини жорий этиш, тўғри овқатланиш, ортиқча вазндан халос бўлиш, жисмоний тарбия машқларини бажариш ҳақида тарғибот-ташвиқот ўтказаяпти. Ҳамма умумий ўрта таълим мактабларида, мактабгача таълим ташкилотларида мусиқа садолари остида жисмоний фаоллик бўйича машғулотларни тўғри йўлга қўймоқда. Педагог-тарбиячилар, ўқувчилар, тарбиячилар бадантарбия машқларини бажаргач, дарсларига ва машғулотларига кираяпти.
Ҳар ҳафтада тумандаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ва Болалар-ўсмирлар спорт мактаби стадионларида спорт ўйинлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Спортга қизиқувчи, соғлом яшаш истагидаги инсонлар волейбол, теннис, велоспорт пойгаси, марафонча югуриш каби спорт турлари билан шуғулланаяпти. Шаҳар марказидаги 5 километрга югуриш мусобақаси ҳам қизиқарли тус олмоқда.
Тиббиёт ходимлари иштирокида тўғри овқатланиш мавзусида семинар ўтказилди. “Соғлом ҳаётга соғлом қадам ташла” шиори остида тадбирлар ўтказиш ва бажарилиши зарур ишлар тушунтирилди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 2 тури фойдали ва зарарли хиллари кўрсатилиб, тўғри овқатланиш, зарарли маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, витаминларнинг етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган ҳолатлар, пандемия шароитида иммунитетни кўтариш бўйича тарғибот-ташвиқот юритиш ўргатилди.
Шифокорлар ва ҳамширалар антропомитирия текширувларини бажарди. Улар ташкилотларда бўлиб 40 ёшдан ошган кишиларнинг бўйи, тана вазни индексини аниқлади. Кўрсатгичлар меъёридан ошган ҳолларда, қон босими юқори бўлса тиббий маслаҳатларини берди. Участка шифокорига юбориб, диспансер назоратида бўлишни тавсия этди.
Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими шифокори