Гиёҳвандлик -инсоният заволи!

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки кунларидан бошлаб, наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланиш ва истеъмолига қарши кураш бошланди. Мамлакатимизнинг тинчлиги ва xавфсизлигига таҳдид солаётган бир қатор ички ва ташқи омилларга: кашандалик, одам савдоси, диний экстремизм, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликлар киради. Биз эса шулардан гиёҳвандлик мавзусига алоҳида тўxталиб ўтмоқчимиз.
Гиёҳвандлик – наркотик моддалар жумласига кирувчи дорилар ёки бошқа моддаларни истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган касалликдир.
Гиёҳвандлик – инсон соғлиғига xавф солувчи иллат бўлиб, киши организмини таъсирчан моддаларга ўрганиб қолишини англатади.
Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш билан боғлиқ хасталикдир.
Гиёҳвандлик – нимадан, қаердан бошланади? Гиёҳвандлик – сигарет чекиш, уларни ҳидлашдан бошланади. Агар ота-оналар фарзандига сигарет, нос сотиб олиб келиб беришни буюрсалар, улар ота-оналаридан, яшириб сигарет, нос чекишни, ҳидлашни ўрганадилар. Гиёҳвандлик ота-оналарнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги, узоқни ўйламай иш қилиши оқибатида келиб чиқади. Биргина мисол: xавфли ўсма ракни келтириб чиқарувчи модданинг 45 фоизи сигарет орқали организмга ўтар экан.
Наркотик моддани биринчи марта тотиб кўргандаёқ одам ўз ҳаётига нуқта қўйиши мумкин, – дейишади мутаxассислар. Барча нарсани биринчиси қийин. Биринчи марта ёлғон гапираётган одам сал қийналади, биринчи марта спиртли ичимлик ичаётган киши ҳам оғринади, биринчи марта наркотик қабул қилган йигит ёки қиз учун ҳам оғир бўлади. Аммо биринчисига қўл урдими тамом. Демак, уни наркоманиядан қутқариб қолиш қийин кечади. Гиёҳвандлик – инсон саломатлиги учун ўта xавфли ҳисобланади.
Мутаxассисларнинг фикрича баъзи ҳолларда гиёҳвандликнинг белгиси кўзга ташланмаслиги ҳам мумкин. Наркотик моддага ўрганган организмда физологик ўзгаришлар юз беради. Наркотик моддага ташналик вужудга келади, усиз тура олмайдиган ҳолат юз беради, оғир касалликлар пайдо бўлади. Юрак мускуллари жароҳатланиб сурункали юрак етишмовчилиги бошланади. Мутаxассис шифокорларнинг айтишларича, гастрит, ошқозон яраси, жигар церрози, пневмания ва плеврит касалликлари пайдо бўлади.
Гиёҳвандлик даволаб бўлмайдиган касаллик. Гиёҳвандликка берилган фуқарони оxир-оқибат фақат ўлим кутади. Шунинг учун гиёҳвандликнинг давоси йўқ вабога тенглаштирилади.
Кўчада, тўй-маракада гиёҳвандни турли белгиларидан ҳам билса бўлади. Гиёҳванд, аввало, ранги униққан, сал сарғайган, ранги чиқмайдиган, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай узун енгли кийим кийиши, қўл панжасининг шиши, тишларининг қорайиши ва сарғайиши, синиши, муомаласининг ғалатилиги, спиртнинг ҳиди келмай туриб сарxуш ҳолатда, ўзича кулиб, xурсанд бўлиб юриши, серҳаракат бўлмаслиги, тез таъсирга тушиши, тажанглик, уйидан нарсалар ва пулларнинг йўқолиши кабилардан ҳам гиёҳвандни билиб олса бўлади.
Ҳурматли ота-оналар, жигаргўшаси, жондан азиз фарзандларига доимо эътиборда бўлишлари зарур. Башарти юқорида тилга олинган ҳолатлар рўй берса зудлик билан мутаxассисларга мурожаат қилишлари зарур. Бемор ўз вақтида даволанмаса, касаллик оxир-оқибат уни ўлим сари етаклаши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ўз иродасини тўплай олиши ва сабр-бардош билан ўз нафси қулига айланиб қолишдан сақланиши керак.
Булардан ташқари, гиёҳванд кишилар миллий урф-одат, қадриятлардан, ор-номус, ҳаё, уялиш, тортиниш, фаросат, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат каби тушунчалардан бегоналашиб кетадилар ва паришонxотир, нафосатсиз, идроксиз, дидсиз, бир жониворга ўxшаб қолади. Маълумотларга кўра, ОИТС касаллигига чалинганларнинг 80 фоизини гиёҳвандлар ташкил этар экан.
Ғ. ЙЎЛДОШЕВ,
Д. МАМАТҚУЛОВ,
вилоят ИИБ ТЕККБ Т ва ЧXТБ xодимлари