КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ЎЗИГА ХОС АҲАМИЯТИ

Маълумки, коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ҳамда жамиятнинг маънавий-аҳлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини заифлаштириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади.
Айтиш керакки, коррупция ҳолларини аниқлашга қаратилган тезкор-таҳлилий ва қидирув ишларини ташкил этиш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан самарали фаолият олиб борилмоқда.
Жумладан, Департамент ходимларининг асосий эътиборларидан бири, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органлари аралашувини қисқартиришга, бу фаолиятни асоссиз чеклашга ҳамда тадбиркорликнинг амалга оширилиши учун ҳуқуқий пойдеворини яратиш, тадбиркорликни шакллантириш, ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни кескин камайтириш ҳамда мансаб суиистеъмолчилиги имкониятларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври давомида 138 та коррупция ҳолатлари фош этилган.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарасини янада ошириш мақсадида, бошқарув ва иқтисодий соҳада ҳамда жойларда тарғибот ишларини тўла ишга солиш, бу жараёнда фуқаролик жамиятининг роли ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда содир бўлаётган ҳуқуқий жараёнларга бепарволик ҳиссини йўқотиш, ушбу соҳага оид содир этилган қонунбузарлик учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини тушунтириш бўйича профилактика ва тарғибот ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Ш.Азизов,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори
Ж.Олимқулов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим инспектори

КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚ ТАФАККУРИ ВА ИЖОДИНИНГ МАҲСУЛИДИР

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоя тизимига асосланган демократик-ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Бу мақсадларни рўёбга чиқариш борасида мамлакатимиз Конституцияси ва у асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги эришган ютуқларимиз, тинч-осуда ҳаётимиз, эртанги кунга бўлган ишончимиз, халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътиборимиз негизида Конституциямизда белгилаб берилган қонуний ва ҳуқуқий асослар тургани ҳамда уларни оғишмай ҳаётга татбиқ этаётганимиз мужассамдир. Хусусан, асосий қонунимизда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати тўғрисидаги нормалар мустаҳкамлангани жамиятда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигини кафолатлаб келмоқда.
Ўзбекистон Конституцияси энг ривожланган, тараққий топган демократик давлатларнинг тарихий тажрибаси ва жаҳон конституциявий амалиётига таянган ҳолда яратилган. Конституциямиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этган қоидаларига тўла асосланган. Конституциямизнинг ҳар бир боб ва моддасида бир қатор ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган, бу нормаларда бизнинг кундалик юриш-туришимиздан тортиб, сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларимиз, эркинликларимиз, бурчларимиз, давлат бошқаруви ва назорат идоралари, молия ва кредит, мудофаа ва хавфсизлик масалалари ўз аксини топган.
Бугун демократик давлат, адолатли жамият қуришда, барча салоҳиятимизни ишга солишимизда, иқтисодиётимизни ривожлантиришда ва маънавиятимизни юксалтиришда, Ватанимизни обод қилишда, тинч ва фаровон ҳаёт шароитининг яратилишида, халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчилик фаолиятининг намоён бўлишида асосий қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни беқиёсдир.
Конституциямизнинг ҳар бир боби ва ҳар бир моддасида бир қатор ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланганки, бу нормаларда бизнинг кундалик юриш-туришимиздан тортиб, сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларимиз, эркинликларимиз, бурчларимиз, давлат бошқаруви ва назорат идоралари, молия ва кредит, мудофаа ва хавфсизлик масалалари ўз аксини топган. Бу эса жамиятимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот тантанасининг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Хушбақов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи
М.Примқулова,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори