Конституция давлатчилигимиз асоси

Бинобарин, Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Бошқа маҳлуқотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан, юртимиз мусулмонлари асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар. Хусусан, ушбу ҳужжатда виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилди.
Ислом эътиқодига кўра, дин инсонни ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Ислом бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-идорасига қарши қўймайди. Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларни эмин-эркин, ўзаро аҳил ва иноқликда ер юзини обод қилиб яшашга буюрган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Нахл сураси), 90- оят.
Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларига риоя этиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда 16 та диний конфессия расмий рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатмоқда. 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил ва тинч яшаб келмоқдалар. Турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни таъминлаш, уларнинг юрт тараққиёти йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишларига эришиш энг аввало Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижасидир.
Энг аввало, ҳар бир шахс ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган. Жумладан: “Аллоҳ таъқиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом сураси), 151- оят.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсониятни аввалда ҳур қилиб яратган. Кейинчалик, инсоният турли хил омиллар сабабли қулдорлик даврини ҳам бошидан ўтказди.
Ислом дини келиб, қулларни озод қилишга кенг тарғиб этди. Аксинча, ҳур одамни қулликка солишни энг оғир гуноҳлардан санади. Қуйидаги ҳадисда шу маъно ифодаланган: “Абу Хурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в дедилар: “Қиёмат куни мен уч тоифа киши билан хусуматлашаман: мен билан ваъда бериб, сўнгра хиёнат қилган, ҳур кишини сотиб пулини еган, ижарачи ёллаб ундан тўла-тўкис фойдаланиб бўлгач, ҳаққини бермаган киши” (Имом Бухорий ривояти).
Шарқнинг буюк донишманди Абу Али ибн Сино : “Нега дунёда ёвузлик бу қадар кўп?» деган саволга: “сабабчиси сиз-у биз. Билмаслик ёки уқувсизлик сабабли ёвузлик билан курашишдан воз кечишимиз асносида ўзимиз ҳам ёвузликнинг кенг тарқалишига имкон яратиб берамиз ”, -деб жавоб берган экан.
Ҳар қандай давлатнинг ҳуқуқ тизимида кўп қонунлар мавжуд. Аммо улар орасида энг асосийси деб эътироф этиладигани бу – Конституция. “Конституция ” лотинча “конститутио ” сўзидан олинган бўлиб, “белгилаш”, “тизилиш” деган маъноларни англатади, яъни Конституция жамият ва давлат тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тузиш ҳамда улар фаолиятининг асосий принципларини, уларнинг ваколатларини, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва бурчларини, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатларни белгилаб беради.
Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилганидек, ҳар ким кексалик ёшига етганида меҳнат лаёқатини йўқотганида ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги нуқтаи назардан ҳам Юртбошимиз фармонларига мувофиқ Уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Шу мақсадда уларга ўзлари учун мақбул муддатларда даволаш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу олийжаноблик ҳам давлатимизнинг нафақадаги кексаларига берилган катта диққат ва эътибори сабабидандир. Дарҳақиқат, 1992 йил 8-декабрда Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.
Барчаларимизга ушбу тантанали кунни муборак айласин! Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!

Аҳмадулла ХАИТОВ,
туман “Шоҳ Машраб” жоме масжиди ноиб имоми