Тиббиёт соҳасида янги қулайлик

 

Туман тиббиёт бирлашмасида яна бир янгилик амалга ошди. Қон таҳлили олиш биринчи пункти очилди. Ўзбекистон, Туркия, Нидерландия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида инсонларнинг қонини олиш ва таҳлил қилишда замонавий усулларни амалда қўллаш имкони ошди.
Сурхондарё вилоятида давлат-хусусий шерикчилик асосида марказлашган лаборатория ташкил этиш лойиҳаси доирасида 28 та қон таҳлили олиш, текширувдан ўтказиш, натижаларини тезкорлик билан маълум қилиш имконини берувчи пунктларни ташкил этиш режалаштирилган. Ҳар бир тумандаги тиббиёт бирлашмасида биттадан қон таҳлили олиш биринчи пункти ташкил этилади. Олинган қонлар Термиздаги марказлашган лабораторияга олиб борилади, текширилиб, электрон тарзда компьютерга ва мобиль телефонга таҳлил жавоблари юборилади. Энг асосий жиҳатлари Давлат томонидан кўрсатилаётган бу хизматларнинг нархлари амалдаги лабораториядагидан қиммат эмас. Хусусий шаклдаги лаборатория нархларидан 3 баробар арзон. Яна бир қулай томони энди тумандошларимиз қонини таҳлил қилдириш учун вилоятимиз маркази Термиз шаҳрига ва республикамиз пойтахтига бориши шарт эмас. Туманимиздаги янги очилган бу пунктда ишини битказади. Аввал мавжуд бўлмаган таҳлилларни ўтказишга шароитлар яратилганлиги ҳам қувонарли.
Замонавий янги пункт Германияда ишлаб чиқарилган, дунёдаги энг охирги технология – Cobas 6000 билан жиҳозланди. Янги лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги лойиҳа бўйича Сурхондарё вилоятида 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишларнинг босқичи амалга оширила бошланди.
Туман тиббиёт бирлашмасидаги қон таҳлили олиш биринчи пунктининг очилиш маросимида туман ҳокими Р. Гаппаров сўзга чиқиб ишбилармонларнинг бундай совғасидан мамнунлигини билдирди. Туркиядан келган, Cobas лабораторияси бош директори Селим Марош ўғли ўзаро ҳамкорлик асосида тиббиёт соҳасига янги технологиянинг ўрнатилиши ҳақида гапирди. Туман ҳокими ишбилармонлар билан биргаликда янги лаборатория пунктининг рамзий лентасини кесди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи Акмал Умархўжаев, Туркия ишбилармонлари, тиббиёт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда замонавий жиҳозлар ўрнатилган икки хонали қон таҳлили олиш пунктда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ишбилармонлар ва туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи билан суҳбатлашди. Шу вақтгача банд бўлмаган 5 нафар тиббиёт ходими ишга олиниб, ўқув курсида билимлари оширилди. Иш ҳақи олиш имконига эга бўлди. Келгусида ходимларнинг сони оширилиши ҳам назарда тутилмоқда. Шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳам бир хона ажратилди. Таҳлил учун олинган қонлар янги пунктга келтирилади, тайёрланиб Термиз шаҳридаги марказий лабораторияга жўнатилади.

Н. МУҲАММАДИЕВ