Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 4 бобига асосан йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-патруль хизмати ходимлари билан ўзаро муносабатларида қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир
Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-ЙПХ ходими томонидан тўхтатиш сабабини, қоидаларнинг қайси бандини (бандларини) бузганлиги тўғрисида тушунтириш беришни талаб қилиш;
-транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходимидан ўзини таништириши ва хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ҳамда кўкрак нишон белгисини маълум қилишини талаб қилиш;
-хизматни мобиль камерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик;
-ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш -мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, транспорт воситаси кабинасидан тушмасдан, ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим қилиш;
-содир этган қоидабузарлиги қайд этилган махсус мослама натижалари билан танишиш;
-ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган махсус воситаларнинг сертификатлари (ёки уларнинг нусхаси)ни кўрсатилишини талаб қилиш;
-ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш;
-узрли сабабларсиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш;
-ЙПХ ходимлари томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш;
-маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг, ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходимининг хизмат олиб бориши мумкинлиги (дислокацияси) ёки махсус тадбирларни ўтказилаётганлиги ҳақида марказий ахборот диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда МАДХ деб аталади) – ахборот диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда ¬ АДХ деб аталади) дан қисқа маълумлот олиш;
-маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг, ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокацияни кўрсатишини талаб қилиш;
-ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха олиш;
-ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, ҳуқуқбузарлик бўйича расмийлаштирилган баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;
-Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.Бироқ ушбу қонунда белгиланган қоидаларга ЙПХ ходимлари қай даражада амал қилишмоқда? Куни кеча тумандаги “Жийдали” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М 41 йўлининг қисмида ЙПХ ходими хизмат олиб бормоқда экан. 2.4. рақамли йўл белгисига асосан ҳаракатланаётган автомашинамиз тўхтатилди. Бироқ хизматдаги ходим ўзини таништирмади. Ҳужжатларни тақдим этишни сўради. Ҳужжатлар тақдим этилди. Сиз йўл белгисига амал қилмасдан ҳаракатландингиз дейишди. Тўхтаб йўл берганимизга қарамасдан ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашга уринишди. Шу вақт оралиғида 7-8 та автомашина шу белгига ҳатто тўхтаб ҳам қўймай ҳаракатланишди. Нима учун ушбу автомашиналарни тўхтатмаётганликларини сўраганимда жавоб бўлмади. Ушбу ходим нима сабабдан ўзини таништиришдан бош тортди. Низомда келтирилганидек ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилишим учун ЙПХ ходими Қурбонов тўсқинлик қилди. Қурбонов билан ҳамкорликда хизмат қилаётган фуқаролик кийимидаги шахслар хизмат гувоҳномамга ҳамда телефонимга тажавуз қилишди. Шу ҳатти ҳаракати ортидан ҳам уларнинг қанчалик ҳалол ишлашаётганликларини билиб олиш қийин эмас. Хизмат юзасидан ҳаракатланишга оммавий ахборот воситаларига тўсқинлик қилишса оддий фуқароларга қандай муомилада бўлишади? Шу хатти-ҳаракатлари билан ҳам ўзларининг қонуний билимлари қай даражада эканликларини исботлашади. ЙПХ ходими бўлиш дегани фақат жарима ёзиш эмас кўмак беривчи ҳам бўлиши керак. Хизмат вақтида ушбу ходимлар туман ЙПХ бўлимига бўйсинишмаса бу бўлимнинг фаолиятидан нима фойда? 25 – октябрь Ички ишлар ходимлари куни муносабати билан хизмат жараёнини суратга олиш учун борганимизда қўлимизда фотоаппаратни кўриб икки нафар ЙПХ ходимлари хизмат машиналарига ўтиришганча жуфтакни ростлашди. Ўша жойда олиб бораётган хизмат жараёни қонуний бўлишса нимадан қўрқишди? Ҳанузгача фуқароларимиз ўзларининг қонун жиҳатдан ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ англаб ололганларича йўқ? ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишса бу каби ҳолатлар, ЙПХ ходимларининг фуқароларга қилаётган муомила маданияти ҳам ўзгарармиди? Туман ИИБ бўлимига шикоят қилсак, бу хизматдагилар бизга бўйсинмайди, вилоятга бўй синади деган жавобни оламиз. Унда тумандаги ИИБ фаолиятига фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кирмаса, масъул ким? Саволлар кўп,аммо жавоблар етарли эмас. Доимгидек аравани қуруқ олиб қочиш, мендан ўтгунча, эгасига етгунча қабилида жавоб бўлмоқда. Биргаликда ҳаракат қилсак қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Тегишли мутасаддилардан ушбу ҳолатга эътибор бериб, таҳририятга ёзма равишда жавоб беришларини кутиб қоламиз.
Р. МЕНГЗИЯЕВА