Бева аёлнинг устидан кулган едим…

“Мен бир нима айтсам ёзасизми?” деб қолди бир ҳамкасбим. “Жиддий бир гап бор, шуни ёзинг, илтимос, менга ўхшаб нотўғри фикрлайдиганлар бўлса, сабоқ бўлар эди”. Мен ҳамкасбимнинг сўзларини ўзгартирмай, шундайлигича ёзишни лозим топдим.
Хулоса ўзингиздан, азиз ўқувчи!
«Ишим, пулим, обрўйим бор, ошиғим олчи эди. Бир кун йўл чеккасида икки қўлида оғир юк халталар билан турган аёлга кўзим тушди. Раҳмим келиб тўхтадим, манзилини айтди, киракаш бўлмаганим учун нархига тортишиб ҳам ўтирмадим. Аслида пулини олиш ниятим ҳам йўқ эди. Аёл орқа ўриндиқдан жой олди, оғир бир хўрсиниб қўйди. “Кенайи, шунча юк билан кўчада қолиб кетибсизми? Бозорликни хўжайинга қилдирсангиз бўлар экан” деб гап қотдим. “Хўжайин бўлганларида ўзлари қилардилар…” деб яна бир хўрсинди. Ойнадан аёлни кузатдим: юзида бўёқдан асар ҳам йўқ, лекин чиройлигина экан… Орадаги нохуш жимликни бузиш учун ўзимча ҳазиллашгим келди:
– Хафа бўлманг, Аллоҳ ўрнига яхшисини беради!
– Қанақасини?!
– Яхшисини дейман, масалан, менга ўхшаганини!
– Сиз нима деяпсиз ўзи?!
– Ҳа нима, мендек эрингиз бўлса ёмонми? Келишган, ақлли, топарман-тутармон, рўзғорбоп йигитман. Мендан яхшисини қаердан ҳам топардингиз?
– Шу ерда тўхтатинг.
– Ие, ҳазиллашдим-ку, ўзингизга олманг.
Аёл апил-тапил машинадан тушди-да, қўлидаги ғижимланиб кетган пулларни олд ўриндиққа отди, кейин кўзимга қараб “Бировнинг мусибати устидан ҳазил қилманг, ақлингиз бўлса” деб, шарт бурилиб кетди. Газни қаттиқ босиб қўзғалдим, лекин миямда аёлнинг гаплари акс-садо бера бошлади: “Бировнинг мусибати устидан ҳазил қилманг, ҳазил қилманг, ҳазил қилманг”… “…ақлингиз бўлса, ақлингиз бўлса, ақлингиз бўлса”…
Мен шу қадар такаббур эканманки, унинг бу гапларидан хулоса чиқариш ўрнига ғазаб отига минибман: “Мени ақлсиз деяптими? Менга танбеҳ бердими?” ҳеч қанча узоқлашмасимдан тақа-тақ тўхтадим, машинани ортга ҳайдай бошладим. Аёл турган ерда тўхтадим-да, машинадан ҳам тушмай, ойнадан бақирдим: “Сен сочи узун, ақли калтага ким қўйибди менга ақл беришни? Ақлинг бўлганида кўчада, иссиқда юк кўтариб юрармидинг? Аллоҳ сени билиб ёлғизлатиб қўйган экан ўзи. Шўрпешана эринг ҳам сендан қутулибди, баттар бўл бу кунингдан, яхшиликни билмайдиган аҳмоқ”. Ҳамма аёлга “ярқ” этиб қаради, у хижолатдан қаерга беркинишни билмас эди. Мен нодонга “ҳай юзсиз, овозингни ўчир” дейдиган бирор мард топилмади ўшанда. Аксинча, одамлар гап нимада эканлигини билишмаса ҳам, аёлга нафрат, жирканиш тўла нигоҳ билан қараб турарди. Мен эса ғалаба қозонгандек мамнун бўлдим, энг охирида ғижимланган пулларни кўчага намойишкорона отдим-да, машинани ванғиллатиб суриб кетдим…
Шу билан бу воқеани ҳам унутиб юбордим. Орадан неча йил ўтди, билмайман. 25 ёшли синглим автоҳалокат туфайли бир кунда ҳам эридан, ҳам қайнона-қайнотасидан айрилди. Ёш боши билан ёлғиз қолган синглимга қараб бир эзилсам, 3 ёшли қизи, ҳали бирга ҳам кирмаган ўғлига қараб ўн эзилдим. Бевалик оғир, жуда ҳам оғир эканлигини шунда тушундим. Биз – ака-опалари синглим ва болалари учун ҳамма нарсани муҳайё қилдик, лекин ҳар гал уникига борганимда жиянларимнинг оёғимга осилиб “тоғажон, дадам қачон келадилар?” деган саволига жавоб тополмай қийналдим. Уларнинг кўзидаги мунгни нима билан аритишни билмай ўйландим. Синглимнинг кўзлари қирғоғини тўлдирган, салга тўкиламан деб турган кўз ёшларини кўриб, кўзимга дунё тор бўлди. Аммо одамзот ҳамма нарсага кўникаркан. Йиллар ўтиши билан биз ҳам кўникдик. Бу орада синглимга чиққан совчиларнинг ҳаммаси рад жавобини олди. У болаларини ўгай отага ишонмади… Синглим болалари катта бўлгач, ўзи ишлаган банкка қайтди. Болалари ҳам бири мактабга, бири боғчага чиқди. Ҳаёт изига тушгандай эди гўё. Бироқ…
Бир кун кечки пайт синглимникига борсам, хонтахтанинг устида ҳужжатлар ёйилиб ётган экан.Синглимнинг ўзгармас одати бор эди: ҳеч қачон уйга иш олиб келмасди. Уйдаги вақтини фақат болалари учун ажратарди. Шунга ҳайрон бўлиб, бу қанақа ҳужжатлар эканлигига қизиқдим. Синглим айрим ташкилотларнинг ҳисобчилигини олиб, уйда ишлаётганини айтди. “Ўзингни ойлигинг етарли-ку, яна қўшимча иш олиб, ўзингни қийнаб нима қиласан?” дедим. Синглим банкда ортиқ ишламаётганини айтди. Сабабини эса айтгиси келмади. Қаттиқ туриб олганимдан кейин “бўлим бошлиғи билан келишолмадик, бошим очиқлиги учун ғалати гаплар қилди, буни кўтаролмай аризамни ёзиб қўя қолдим” деди.
Жаҳл билан уйдан чиқиб, банкка отландим, бўлим бошлиғини абжағини чиқаришга тайёр эдим. Лекин машинага ўтиришим билан ўша бева аёлнинг бир пайтлар айтган гапи миямда айлана бошлади: “Бировнинг мусибати устидан ҳазил қилманг, ақлингиз бўлса”…
Мен буларни сизга бекорга айтмаяпман: бева аёлларга ёмон кўз билан қарайдиган ака-укаларимни огоҳлантиришни хоҳлайман. Акалар, укалар, ҳаёт шундай қизиқ нарса, бугун нимани хўрласангиз, тақдир чархпалаги бир айланиб, ўзингизнинг бошингизга ҳам шу хўрлик келиб турибди-да! Шунинг учун оғзимиздан чиқаётган сўзларга, қилаётган ишларимиз ва одамларга, айниқса, аёлларга муносабатимизда эҳтиёт бўлайлик! Хусусан, агар у аёл бева бўлса, икки карра эҳтиёт бўлиб муомала қилишга мажбурмиз.
Чунки бу дунё – қайтар дунё!

Ойниса ҲОЖИЕВА