ТЕМИР ЙЎЛДА ОСОЙИШТАЛИКНИ САҚЛАЙЛИК

Темир йўл хавфсизлиги инсонларнинг саломатлиги, узоқ умр кечиришининг гарови. Белгиланган йўл қоидаларига амал қилган юртдошларимиз зиён-заҳмат кўрмайди. Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари туманларда қурилган темир йўл изларида ҳаракатланувчи йўловчи ва юк поездларини бир манзилдан иккинчи манзилга эсон-омон етиб бориши учун тун-у кун хавфсизлик чораларини қўлламоқда. Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Хавфсиз кун” тадбирини ўтказаяпти.
Темир йўл яқинидаги мактаб, маҳалла, корхона, ташкилотларда давра суҳбатлари, йиғилишлар ташкил этаяпти. Катта-ю кичикларга темир йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини тушунтириб, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишни кенг тарғиб қилмоқда. Темир йўл яқинида истиқомат қиладиган аҳоли яшаш хонадонларида бўлиб темир йўл ҳақида эслатма-қўлланмалар тарқатаяпти. Темир йўл яқинида чорва молларини боқмаслик, темир йўл ҳудудига ҳар хил чиқиндиларни ташламаслик, инфро тузилмаларига шикаст етказмаслик тўғрисида тилхатлар олмоқда.
Ҳозир вилоятимиздаги темир йўл изларининг 70 фоизи электрлаштирилди. Юк ва йўловчи поездлармизни “тепловоз”лар ўрнига электровозлар манзилига етказмоқда. Темир йўл изларидан ўтказилган 27500В кучланишли электр симлари инсон ҳаёти учун хавфли. Шунинг учун бу мавзуда ҳам тушунтириш ишлари амалга оширилаяпти. Вилоятимиз бўйича Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан профилактика тадбирлари олиб борилганига қарамасдан жорий йилнинг 10 ойи давомида турли хил ҳуқуқбузарликлар содир этилди. Жами 3500 нафардан зиёд фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб турли хил жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, Транспортда ХТБ ходимлари темир йўл корхоналари, ташкилотларида оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни содир этмаслик бўйича йиғилишлар ўтказмоқда. Бу тадбирлар мазмунли ва тушунарли бўлиши билан бирга жиноятчиликлар ва ҳуқуқбузарликларни камайтиришга ёрдам беради.
 Ғ. ШОЙНАЗАРОВ,
Сурхондарё вилояти ИИБ Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, катта лейтенант