Қулайликни тўғри қўлланг

Замон шиддати юқори. Иш, ўқиш жараёнларига замонавий компьютер жамламалари, мобиль телефонлар кириб келди. Бу қулайликлар амалиётга янгиллик олиб келди. Жабҳаларда сифат ўзгаришлари кўзга ташланмоқда. Ёшларимизнинг қўлидаги уяли телефонда турли қулайликлар мавжуд. Узоқ масофадаги инсон билан бир зумда суҳбатлашаяпти. Фотосуратга тушириб, телеграм ёрдамида тез фурсатда керакли манзилга етказаяпти. Ҳужжатларни суратга олиб асосли факт сифатида сақлаяпти. Зарур чоғи бу суратни амалда қўллаяпти. Видео тасвирига олиб воқеани жонли тарзда намойиш қилиш имконига эга. Бунинг бари яхши, албатта.
Шу ўринда айрим камчиликлар юзага чиқаётганлигини таҳлил қилсак. Қўлида телефон ушлаган ёшларни ҳар жойда учратиш мумкин. Йиғилишда, ошхонада ёки дастурхон атрофида телефон ўйинлари билан машғул бўлганидан энсамиз қотаяпти. Ҳар бир ишнинг ўз одоби бор. Телефонга муккасидан кетиб боғланиб қолишга барҳам бериш керак.
Телефонда суратга тушираётган жараённи танлай билиш зарур. Бунда фотография билимларини билиб, амалда қўллаш дид билан сифатли суратни туширишда қўл келади. Ҳозир айрим сураткашларнинг суратларида камчиликлар мавжуд. Улар хоналарда, залларда қишки устки кийимлардаги одамларни суратга тушириб, юқори тизимга маълумот беришга одатланган. Ўша жараёнда суратга олиш учун тайёргарлик кўрилса, суратга олишда маъқул ҳолатларни танлай билса сифатли суратга эга бўлади.
Компьютер ўйинларидаги, интернетга жойлаштирилган айрим суратлардаги андишасизликлар энсани қотирмоқда. Миллий маданиятга зид келаётган бундай суратлар нафақат ёшларнинг, балки катталарнинг ҳам тарбиясини бузади. Таниқли ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг компьютер билан боғлиқ бир мақоласи мазмунини эслаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бир оилада ота-она фарзандининг тарбияси, ўқишга қизиқиши, бунда замонавий қурилмадан фойдаланишидан хурсанд бўлишади. Чунки бола кўп вақтини ўқиб-ўрганишга, бошқа болаларга қўшилиб безорилик қилмасдан компьютер билан машғул бўлишга сарфлайди. Ота-она ҳар куни ўғлидан кўнгли тўқ бўлиб ишга кетишарди. Кунлардан бир куни болани уйи яқинидаги истироҳат боғида ўлик ҳолда топишди. Одамлар бу ҳолдан ҳайрон бўлишди. Уйига бориб компьютерни текшириб кўришди. Не кўзлар билан кўришса компьютерга боланинг миясига ўзини ўлдириши ҳақидаги маълумотларни сингдирувчи ёзув жойлаштирилганини кўришди. Бундан шундай хулоса чиқадики компьютерга ёвуз ғояларни тарқатувчи матнларни жойлаштирувчи кимсалар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик зарур. Ахборот хавфсизлиги таъминланиб, фойдали матнлар ва суратлар билан баҳраманд этилса мақсадга мувофиқ келади. Интернетдан фойдаланмоқчи бўлганлар яхши матнларни танлаб ўқиса, албатта билими ошади. Эзгу билимларни амалда қўллаб яхши натижаларга эришади.
Н. МУҲАММАДИЕВ