Темир йўл кесишмаси -автомобилъ йўлининг темир йўл билан бир сатҳда кесилиши

Темир йўл кесишмасида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисаси оғир оқибатларга олиб келиши сабабли унинг олдида тегишли огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади.
Темир йўл кесишмалари ундан ўтадиган темир йўл транспорти таркиби жадаллиги ва автомобилларнинг кўплигига қараб қўриқланадиган (шлагбаумли) ва қўриқланмайдиган (шлагбаумсиз) бўлади. Шлагбаумли темир йўл кесишмаларида, шлагбаумдан ташқари, ҳаракатни тартибга солувчи светофор, ҳайдовчининг эътиборини жалб этиш учун товуш чиқарувчи мосламалар билан жиҳозланади. Ҳаракатланиш хавфсизлигини темир йўл назоратчиси назорат қилади. Шлагбаумсиз темир йўл кесишмалари шлагбаумлидан фарқли ўлароқ, кесишма яқинида «бир изли» (1.3.1.) ёки «кўп изли» (1.3.2) белгилари ўрнатилади ва хавфсизлик чораларини таъминлаб ўтиш ҳайдовчининг ўз зиммасига юклатилади. 17.1. Транспорт воситаларининг ҳайдовчилари темир йўлларни фақат темир йўл кесишмалари орқали, поезд (локомотив, дрезина)ларга йўл бериб, кесиб ўтишлари мумкин. Темир йўл кесишмаларидан ташқари жойлардан уни кесиб ўтиш жуда хавфли ҳисобланади (темир йўл излардан ўта олмай, мажбурий тўхтаб қолган транспорт воситалари темир йўлни тўсиб қўяди ва тўқнашувга сабаб бўлади).
17.2. Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган ҳайдовчи йўл белгилари ва чизиқларига, светофор ишораларига, шлагбаум ҳолатига, кесишма навбатчисининг кўрсатмаларига амал қилиши, яқинлашиб келаётган поезд (локомотив, дрезина) йўқлигига ишонч ҳосил қилиши шарт.
17.3. Темир йўл кесишмасига кириш қуйидаги ҳолларда тақиқланади: – светофор ишорасидан қатъи назар, шлагбаум ёпиқ турган ёки ёпила бошлаган ҳолатда; – шлагбаумнинг бор-йўқлигидан, унинг ҳолатидан қатъий назар, светофорнинг тақиқловчи ишорасида; – кесишма навбатчисининг тақиқловчи ишорасида (навбатчи ҳайдовчиларга олди ёки орқаси билан туриб таёқчани, қизил чироқ ёки байроқчани бошидан баланд кўтариб турса ёки қўлларини ёнга узатса); – кесишмадан кейин ҳосил бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи кесишмада тўхташга мажбур бўладиган ҳолларда; – агар кўриниш чегарасидаги масофада кесишмага поезд (локомотив, дрезина) яқинлашиб келаётган бўлса.
У. АБДИМУРАДОВ,
Б. АРЗИЕВ,
Сурхондарё вилояти ИИБ Транспортда ХТБ ХПГ инспекторлари, катта лейтенант