Саволларга туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси
Д. Худойқулова жавоб беради
БОЛА ТУҒИЛИБ ВАФОТ ЭТДИ, ШУНДА ОНАГА СУЮНЧИ ПУЛИ
ВА ДЕКРЕТ ПУЛИ ТЎЛАНАДИМИ?
САВОЛ. 7 ойлик ҳомиладор аёл туғруқ қоғозини олмай туриб тўсатдан операция қилиниб фарзандли бўлди. Фарзанди бир кун яшаб, туғруқхонада вафот этди. Унга суюнчи ва декрет пули тўланадими?
ЖАВОБ. 1. Суюнчи пули масаласи. Бола туғилганда тўланадиган суюнчи пулини қонун тилида “бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа” деб ишлатамиз, кўпинча.
-Меҳнат кодексининг 287-моддасига биноан, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланиши, ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақа миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.
– Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 79-бандига кўра, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи (ҳозирги базавий ҳисоблаш миқдори)нинг икки баравари миқдорида берилади.
Яъни, базавий ҳисоблаш миқдори 223 минг сўм бўлса, нафақа унинг икки баробари – 446 минг сўм миқдорида тўланади.
-Қаранг, юқоридаги Низомнинг 84-бандида айтилганки, “бола ўлик туғилган ҳолларда нафақа тўланмайди”. Сизнинг вазиятингизда эса бола тирик туғилган ва бир кундан сўнг у нобуд бўлган. Демак, бу ҳолатда онага бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа барибир тўланиши керак.
2. Декрет пули, яъни ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа масаласига келсак.
-1136-сонли “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 40-бандига асосан, “Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади”. Демак, онага берилган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шубҳасиз нафақа (декрет пули)ни тўлашга асос бўлади.
– Энди қаранг, Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 апрелда 2667-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 28-бандига мувофиқ, ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан илгари туғиш ҳолатларида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси туғруқ муассасаси томонидан бола туғилган кундан бошлаб қуйидаги муддатларга берилади:
– бола тирик туғилганда — бир юз йигирма олти календарь кунга;
– бола ўлик туғилган ёки туғруқ муассасасидан чиққунга қадар нобуд бўлганда — етмиш календарь кунга.
Кўриб турган бўлсангиз, саволдаги вазият иккинчи ҳолатга тўғри келмоқда, яъни бола ҳомиладорликнинг 30-ҳафтаси (7,5 ой)дан олдин туғилганлиги, бироқ туғруқ муассасасида нобуд бўлганлиги учун онага 70 календарь кунга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
-Демак, ходимга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўлови ҳам ана шу варақада кўрсатилган 70 календарь кун учун ҳисоб-китоб қилиб, тўлаб берилиши керак.
ДОИМИЙ ПРОПИСКАМ ТОШКЕНТДА БЎЛМАСА ҲАМ БОЛА
ПУЛИНИ ШУ ЕРДАН ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?
САВОЛ. 6 йилдан бери Тошкентда яшаймиз, доимий пропискам Қумқўрғон туманида, 2 та фарзандим бор, болалар пулини қаердан олсам бўлади, қаерга мурожаат қилишим керак?
ЖАВОБ. Ушбу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан ҳал бўлади.
-Мазкур Низомнинг 12-бандига асосан:
-“болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи (доимий ёки асосан яшаб турган жойи) бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса – боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади” дейилган. Юқорида эътибор берсангиз, болали оилаларга нафақа пулини олиш учун ариза берувчининг яшаш жойига мурожаат қилиниши ва бунда яшаш жойи деганда доимий ёки асосан яшаб турган жойи назарда тутиляпти.
Албатта, бу ерда Тошкент шаҳрида 6 йилдан бери узлуксиз яшаб келаётган бўлсангиз, демак бу шаҳар, бу жой Сиз учун “асосан яшаб турган жой” мақомига эга.
-Демак, бу вазиятда Тошкент шаҳридаги турган жойингиз (квартира ёки хонадон) бўйича ҳисобдан ўтиб, нафақа олиш учун шу жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ҳужжатларни тақдим этсангиз тўғри бўлади.