ЙИЛ САРҲИСОБИ

ЙЎЛЛАР РАВОН – МУШКУЛИМИЗ ОСОН
Ў. Холиқов раҳбарлигидаги Қумқўрғон туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси йўл қурувчиларининг ютуқлари барчага хурсандчилик келтиради. Чунки автомобиль йўлларининг равон ва текислиги транспортлар ва йўловчиларнинг ҳаракатланишига қулай бўлади.
Туманимиз йўл қурувчиларининг икки йилда амалга оширган ишларини сарҳисоб қилсак эришган натижалари яққол кўринади. Улар 4Р-104 автомобиль йўлининг Қумқўрғон-Кафурун-Бойсун йўналишидаги 0-12 километр оралиғида 2019 йилда 1 километр, 2020 йилда 1,5 километр масофага совуқ асфальт ётқизиш ишларини бажарди. 2019 йилда сел келиш хавфи юқори бўлган йўлдаги галерея бетонларини алмаштиришни бошлаб, бу йил тугатди. Натижада сел тошқини эҳтимоли бартараф этилди. 2019 йилда М-41 автомобиль йўлининг 2 километри реконструкцияга тушиб бунёдкорлар пиёдаларнинг йўлакчаларини қурди. Ҳаракат хавфсизлигини кўрсатувчи белгиларни қўйишди. Бу ҳаракатларни тартибга солишда ёрдам бермоқда. Янги тунги ёритгичлар узлуксиз ёниб шаҳарнинг чиройига чирой қўшаяпти.
Автомобиль йўлларида меҳнат қилувчилар 2020 йилда ҳам муҳим иш жараёнларида фаолият кўрсатди. Жами 32 километр 600 метр ички йўлларга қум, шағал тўкди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 871-сонли қарори бўйича 4Р-105 автомобиль йўлининг “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” йўналишидаги 70-89 километр оралиғида ҳозир 6 километр масофада иссиқ асфальт ётқизиш ишларини жадаллик билан амалга ошираяпти. Шу йўлдаги “Полвонтош” кўпригини янгидан таъмирламоқда. Халқаро аҳамиятга эга М-41 автомобиль йўлидан Бешкек-Душанбе-Термиз йўналишида автомашиналар  қатнамоқда. Шу йўлда ўртача 6-7 километр масофадаги нотекисликларда сиртқи ишлов бериш ишларини амалга оширди. Шу автомобиль йўлида сел келиш эҳтимоли бўлган жойларда ўрнатилган галерея бетонларини янгисига алмаштирди.  Автомобиль ҳаракатини кўрсатувчи эски йўл белгиларини олиб, янгисини ўрнатди.
Корхона бунёдкорлари келажакда йўллар янада равон ва автомобилларда ҳаракатланиш қулай бўлиши  учун қурилиш ишлари кўламини кўпайтирмоқчи. Яхши ният билан халқимизга холис хизмат кўрсатиб, манфаат топади. Инфро тузилмани ривожлантиради.
                                                               Н. МУҲАММАДИЕВ