Туман ҳокимининг тадбиркорлар билан қабули бўлиб ўтди

Тадбиркорлик – давр талаби. Меҳнат қилиб ўз иш ўрнига эга бўлиш, даромад топиш истагидаги фуқаролар тадбиркорлик субъектини ташкил этиши мумкин. Бунга давлатимиз кенг йўл очиб берди. Маҳаллий ҳокимият ва тадбиркорларни рўйхатга олувчи ташкилотлар ташаббускорларга етарлича шароитларни яратиши одат тусига кирди. Бу ишда туман ҳокими Р. Гаппаровнинг саъй-ҳаракатлари салмоқли бўлмоқда.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги катта-ю кичик ёшдаги тумандошларимизга қулай шароитлар тавсия этилмоқда. Аввалги сансоларликларга чек қўйиш мақсадида идорама-идора қатнаб имзо қўйдириш барҳам топди. Бир жойда тўпланиб мурожаатларнинг ҳал қилиниши ва ҳужжатларнинг имзоланиши фуқароларга қулай бўлмоқда.
Тумандаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида туман ҳокими Р. Гаппаровнинг сектор раҳбарлари иштирокидаги тадбиркорлар билан қабули ташкил этилди. Қабулда асосан қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, тадбиркор бўлиш истагини билдирган фуқароларнинг мурожаати тингланди. Ҳар бир мурожаат қилувчи яратилган имкониятдан фойдаланиб, масаласининг атрофлича ҳал этилишини хоҳлайди. Уларнинг мурожаатларида билдирилган таклифлари, фикр-мулоҳазалари, танланган иши бўйича имкониятлар ҳисобга олинди. Умид билан келган одамларга яқиндан ёрдам бериш чоралари кўрилди. Барчага кенг имконият берилиб, замон талабларидан ўз вақтида фойдаланишига эътибор қаратилаётганлиги қувонарли. Уларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича янги иш жойларини ташкил этиши одамларни ишга жойлаштириш, манфаатдор қилишига олиб келади. Фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор қўяди. Энг асосий жиҳатларидан яна бири маҳсулот турлари кўпаяди, аҳоли эҳтиёжини қондиришдаги саъй-ҳаракатларга салмоқли улуш қўшади. Хизмат кўрсатиш турларининг кўпайиши ҳам аҳолининг турмуш тарзи ривожланишига олиб келади. Шунинг учун тадбиркорлик субъектларини очмоқчи бўлганларга эҳтиёж баланд.
Туман ҳокимининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиши жараёнида кўп мурожаатлар ҳал этилди. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги давлат кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи томонидан тадбиркорлар учун заҳирадаги ҳамда фойдаланишдан чиқарилган ер майдонлари тақдимоти ўтказилди. 70 га яқин тадбиркорлик субъектларининг янги таклифлари ва лойиҳалари қўллаб-қувватланди.