Байроқ – инсоният тарихини акс эттирадиган ўзига хос рамзлардан биридир. Улар халқлар ҳаётида содир бўлган энг муҳим ҳодисалар моҳиятини билиб олишда калит ҳисобланади. Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.
Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Қумқўрғон туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 1 «Д» синфида “Байроғим – фахрим” мавзусида бир соатлик намунали очиқ дарс ўтказилди. Машғулот давомида ўқувчилар байроқни мадҳ этувчи шеърлардан намуналар айтишди. Жажжи қизалоқлар ижросида “Ватаним” деб номланган қўшиққа рақслар ижро этилди. Ўқитувчи томонидан ўқувчиларга байроқ бизнинг ғуруримиз, тинчлигимиз тимсоли эканлиги тушунтирилди.Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушдик, ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигидан ғурурландик. Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!
Кўкда ҳилпирар мағрур, Ўзбекистон байроғи,
Дилларга солар ғурур, Ўзбекистон байроғи.
“ўз байроғим” деб, халқим, дилда қилар ифтихор,
Ундаги ҳар бир рангнинг, ўз рамзи, маъноси бор.
Шоҳсанам Мавланова,
тумандаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси