Ўз ҳаётингни ўзинг асра

Ҳурматли муштарий ушбу мақолам орқали ҳозирги кунда бутун дунёни қамраб олган ОИТС касаллигининг оқибатларини бир инсон тақдири мисолида сўзлаб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунда фуқароларимиз меҳнат миграциясида иштирок этиш мақсадида чет элга бориб баъзилари ўзлари билмаган ҳолатда ОИВ инфекциясини юқтириб олмоқда.
Шулар қаторида Эркин (Исми ўзгартирилган 1985 йил Денов туманида туғилган, уйланмаган) ишлаш мақсадида 2012 йил Россия давлатининг Москва шаҳрига бориб қурувчи бўлиб бир йил мобайнида ишлайди. 2013 йил сентябрь ойида Эркин юртимизга қайтиб келади. Эркинни ота-онаси орзу ҳавасларини амалга ошириш мақсадида холасининг қизи Зебузарга (Исми ўзгартирилган) унаштириб қўяди. Эркин никоҳдан ўтиш мақсадида тиббий кўрикдан ўтаётганда қонида ОИВ инфекцияси мавжудлиги аниқланди. Эркин ОИВ инфекциясини қаердан юқтирганлигини аниқлаш мақсадида эпидемиологик суриштурувлар ўтказилди. Натижада ОИВ инфекциясини Москва шаҳрида ишлаб юрган вақтида рағбатлантириш эвазига интим хизмат кўрсатувчи (фоҳиша) аёллар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилиб ўзига юқтирганлиги аниқланди. Эркиннинг розилиги билан ота-онасига ва бўлажак турмуш ўртоғига бу касалликнинг оқибатларини билатуриб турмуш қурадиган бўлса, касаллик бўлажак турмуш ўртоғи Зебузарга ҳам юқишини ва улардан туғилажак фарзандлар ҳам ОИВ инфекцияси билан зарарланиши мумкинлиги, қариндош уруғлар ўртасида низолар чиқиши айтилди ва тўй тўхтатилди. Ҳозирги кунда Эркин вилоят ОИТСга қарши кураш маркази диспансер назоратига олинган.
Мен Эркин тақдири мисолида вилоятимизда ОИВ инфекциясини юқтириб олганларнинг 57,8 фоизи жинсий алоқа йўли орқали юқтириб олганликларини таъкидлаб ўтмоқчиман. Энг ачинарли томони шундаки, ОИВ инфекцияси билан зарарланганларнинг 60 нафари ўзлари билмаган ҳолатда умр йўлдошига жинсий алоқа йўли орқали ОИВ инфекциясини юқтирган. Бундай оилаларда ОИВ инфекцияли болалар туғилмоқда. Бир лаҳзали лаззат деб ўзини, турмуш ўртоғини, болаларини хавфга солмоқда. Инсон бу дунёда орзу ҳавас билан яшайди. Оилали бўлсам, болаларим бўлса, қариган чоғимда невараларим атрофимда ўйнаб юрса дейди. Бу орзу ҳавасларни рўёбга чиқариш учун ҳалол меҳнат қилиб яшаш, ҳалол аёлига вафодор бўлиш, соғлом турмуш тарзини кечириш билан жамиятимизга фойда келтиришини англаб етиши керак.
Х. Шаимов,
М. Тошматова,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари