Қарз муносабатлари бўйича келиб чиқадиган низоларнинг судда кўрилиши юзасидан

Ҳозирги кунда фуқаролар ўртасида бир-бирларига ўзаро ишонч орқали қарз бериш оғзаки олди-сотди қилиш бўйича низолар кўпаймоқда.
Маълумки, олди-сотди шартномалари ҳамда фуқаролар ўртасидаги қарз муносабатлари бўйича келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
732-модда. Қарз шартномаси
Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
733-модда. Қарз шартномасининг шакли
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъий назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
734-модда. Қарз шартномаси бўйича фоизлар
Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.
Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.
735-модда. Қарз олувчининг қарз суммасини қайтариш мажбурияти
Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.
Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.
Фоиз эвазига берилган қарз суммаси, агар қарз шартномасида кўзда тутилган бўлса ёки қарз берувчининг розилиги билан, муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.
736-модда. Қарз олувчи томонидан қарз шартномасини бузиш оқибатлари
Агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ушбу Кодекснинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Агар қарз шартномасида қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, бу мажбурият бузилган тақдирда, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини тегишли фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Судга қарз ундириш масаласида Даъво аризаси билан мурожаат қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процуссуал кодексининг 189-моддасида даъво аризаси топшириш тартиби кўрсатилган яъни Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;
3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;
4) даъвогарнинг талаби;
5) агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;
6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
7) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
8) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризада ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда манзили кўрсатилиши керак.
Аризада даъвогарни ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ҳамда ажримларининг кўчирма нусхаларини электрон ҳужжат тарзида олишга бўлган розилигидир.
191-модда. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Аризага қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) арз қилинаётган талабларга асос бўлган ҳолатларни;
2) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
3) давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;
4) аризани имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни, агар ариза вакил томонидан имзоланган бўлса.
Қарз берган фуқаро албатта тилхат ёздириб олиши керак, бу эса қарз берганлигини исботловчи далил ҳисобланади.
У. Мамадиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди раиси