БОБОТОҒ ИРРИГАЦИЯ ТИЗИМИДА ЯНГИ ЛОЙИҲА

Туманимиздаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Осиё тараққиёт банки иштирокида “Орол денгизи сув ҳавзаси ҳудудида сув ресурсларини иқлим ўзгаришларига мос бошқариш” лойиҳаси доирасида йиғилиш ўтказилди. “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари сув ҳавзаси бошқармаси ва Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ҳамкорликда бу зарур тадбирни амалга оширди.
Ташкилотчилар Боботоғ ирригацияси тизимида амалга ошириладиган ишлар билан туман аҳолисини хабардор этиш, таништириш ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини тинглашни мақсад қилди. Йиғилишда “Info Capital Group” МЧЖнинг мутахассис консультантлари, туманимиздаги маҳаллий ташкилотлар, сув хўжалиги бўлими, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциялари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Қаҳрамон Алматов бу муҳим мавзудаги йиғилишни бошқарди.
Лойиҳа мутахассиси Алимардон Хўжақулов Қумқўрғон туманидаги суғориладиган ерларга сув етказиб беришда катта аҳамиятга эга Боботоғ сув иншооти ва унда амалга ошириладиган лойиҳа бўйича маълумот берди. “Info Capital Group” МЧЖнинг эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш бўйича консультанти Норбой Ғойибназаров “Боботоғ ирригация тизимида амалга ошириладиган ишлар” мавзусида атрофлича гапирди. Сувдан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш, ирригация тармоқларида сув тежовчи янги технологияларини қўллаш, сув хўжалигида илм ва инновацияни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларга тўхталди. Тақдимот давомида замонавий ахборот-коммуникация технологияси воситасида зарур маълумотларни намойиш қилди. Иштирокчилар Боботоғ канали тузилиши, иқлим ўзгариши, экинларни суғориш, канални модеринизация қилиш, молиялаштириш, лойиҳани амалга ошириш механизми ва ҳаражатлари, шўрланишни камайтириш бўйича тушунчаларга эга бўлди. Гидротехника иншоотлари бўйича консультант Ўткир Жўраев Боботоғ канали сув оқими йўналишида қурилган  гидротехника иншоотларининг аҳволи, автомобиль йўллари туташган кўприклар, уларни таъмирлаш бўйича ахборот берди. Экология бўйича мутахассис Жаҳонгир Гадоев экологик хавфсизлик даражаси, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, иқлим ўзгаришларини ҳисобга олиш, таъмирлаш ишларининг экология ва атроф-муҳитга таъсири ҳақида сўзлаб берди. Лойиҳа директори ўринбосари Раман Оспаров канални таъмирлаш жараёнида айрим бино ва иншоотларни кўчириш зарурлиги, амалга оширишдаги талаблар, бу ишга тааллуқли деҳқон ва фермер хўжаликлари бошлиқлари, аҳоли яқиндан ёрдам бериши зарурлигини тушунтирди.
Туман ирригация бўлими бошлиғи Рустам Холиёров туманимизда ишлаб чиқилган ҳужжатлар асосида билдирилган таклифни ижобий ҳал этаётган лойиҳа иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди. Фермер хўжаликлари бошлиқлари, йиғилиш иштирокчилари мавзуга доир саволларни айтиб, мутахассисларнинг жавобларини тинглади.
 Н. МУҲАММАДИЕВ