Кейинги йилларда армиямизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш, қўшинларимиз сафини малакали кадрлар билан тўлдириш борасида диққатга молик ишларга қўл урилди. Аввало, бу хизматга замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, жисмонан бақувват, интелектуал салоҳияти юқори, масъулиятни теран ҳис этувчи ёшлар чақириладиган бўлди. Иккинчидан, ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, қатор чоралар кўрилди.
Хусусан, “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қўишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, тавсияномалар Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.
Маълумот учун таъкидлаш жоизки, гуруҳ (бўлинма) командирлари томонидан ўқув йили дастури асосида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари натижалари бўйича рейтинг кўрсаткичлари юритилади. Ўқув фанларидан қўйилган баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи журналларда акс эттирилади ва йил давомида ҳисоблаб борилади. Мана шу баҳолар уларнинг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаб борилади. Якунда тест синовлари ўтказилишидан олдин ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатига киритилган. Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг 40 фоизига қўшимча балл берилади. Мана шу баллар тест синовида олинган балларга қўшилади. Ва якуний кўрсаткич чиқарилади. Белгиланган лимитга кўра энг юқори балл олган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига қўйшга кириш учун тавсиянома берилади. Тавсиянома берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонларининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар республиканинг олий таълим муассасаларидаги таълим йўналишларига ўқишга киришда тест натижаларига кўра тўпланган балининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Шунингдек, абитуриентлар мамлакатнинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриантига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Ж. ШАМСУДИНОВ,
Термиз ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси, адлия катта лейтенанти