ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШ — ҲАЁТИМИЗ ВА ХАВФСИЗЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ

Кун сайин Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сони ортмоқда. Уларнинг аксарияти юқори тезликда ҳаракатланиш натижасида бошқарувни йўқотиш оқибатида содир бўлмоқда.
Йўлларда хоҳ пиёда, хоҳ ҳайдовчи сифатида ҳаракатланаётганда амалдаги қоидаларга қатъий риоя этишимиз, масъулият ва ҳушёрликни унутмаслигимиз ҳар биримизнинг ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Серқатнов йўл эса, тасодифлардан холи эмас. Афсуски, кўпинча ҳайдовчининг эътиборсизлиги ёки Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этмаслиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар учраб туради.Мисол учун жорий йилнинг 3 май куни фуқаро Б.Н. (исм фамилияси ўзгартирилган) бошқарувидаги “Каптива”автомашинасини тахминан соат 16 :00 да тумандаги “Арслонбойли” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-596 автомобиль йўлининг 4-километрида “Арслонбойли – Ачамойли” маҳаллалари йўналишида бошқариб келиб фуқаро Т.Д.(исм – фамилияси ўзгартирилган) бошқариб келаётган Т-28 русумли трактор билан тўқнашиб аянчли автотранспорт ҳодисасини содир қилган.
Ҳодиса оқибатида судланувчи Б.Н. нинг автомашинасида отаси ҳамда 2 нафар ўғиллари тан жароҳати олиб касалхонага олиб кетилади. Тракторда ҳамда тиркамасида бўлган 7 нафар фуқаролар турли хилда жароҳат олишади. Бир нафар вояга етмаган Д.Э.(исм фамилияси ўзгартирилган) вафот этади.
Бу каби кўнгилсиз ҳодисаларга дуч келинганда, табиийки, оқибат ҳақида гап очилади. Ҳақиқатан ҳам, ана шу транспорт ҳодисаси оқибатида навқирон йигитнинг ҳаёти бевақт хазон бўлди. Унинг оиласи, яқинлари тузатиб бўлмас оғир йўқотишга рўбару келишди. Бунинг устига ўн нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолгани, улар турли даражада тан жароҳати олишгани ҳам ташвишли, ҳам ачинарли ҳолат, албатта.
Хўш, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси қандай келиб чиққан? Ушбу фалокатли ҳолат содир бўлмаслиги ҳам мумкин эдими? Келгусида бу ҳол қайта такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?
Маълум бўлишича, судланувчи Б.Н. ЖИБ Шеробод туман судининг 2012 йил 5 ноябрь кунидаги ҳукмига кўра айбли деб топилган ҳамда 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шунда ҳам судланувчи ўзига керакли хулосаларни чиқариб олмаган. 2020 йил 3 май куни Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи опасини кўриб келиш мақсадида автомашина билан Жарқўрғон туманига қараб йўлга чиққан.
Қумқўрғон тумани “Арслонбойли – Ачамойли” маҳаллалари йўналишида Б.Н. машинасини 80-90 км/ соат тезликда бошқариб кетаётганлигини, йўлнинг бурилиш жойига борганда бирдан қарама –қарши томондан тирактор тиркамаси билан чиқиб қолганлигини, масофа жуда яқин қолганлиги учун ҳеч нарсага улгурмай қолганлигини, натижада қарама-қарши келаётган тракторнинг чап ғилдирагига бориб урулганлигини айтади. Судда судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Жиноят иши ҳужжатлари таҳлил қилинди.
Қисқаси, содир этилган жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Хулоса шуки, Йўл ҳаракати қоидаларига ҳамиша қатъий риоя қилиш шарт. Зеро, бу қоидалар ҳаётимиз ва хавфсизлигимиз кафолати эканлигини ҳеч қачон унутмайлик.
М. Пардаев,
туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи