Қишлоқ ҳўжалигида сув истеъмолчилари томонидан сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши

 

Сув ҳар доим инсон маданияти шаклланишига ва ривожланишига бошқа табиий ресурсларга нисбатан кўпроқ таъсир кўрсатиб келган. Дунёнинг барча мамлакатларида дарёлар, кўллар ва кўпинча ер ости сувлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пункталри қурилишларида муҳим роль ўйнаган. Одамлар яшайдиган манзилгоҳлар ҳар доим ичимлик суви бор ерларда бунёд этилган.
Умуммиллий бойлик ҳисобланган ва биргаликда ягона давлат сув фондини ташкил этувчи барча сувлар ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланади. Ўзбекистон Республикаси сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларида айтилишича, барча сувлар ягона давлат фондини ташкил этади ва унга қуйидагилар киради:
Дарёлар, кўллар, сув омборлари бошқа ер усти сув ҳавзалари манбалари, шунингдек каналлар ва ҳовузлар сувлари, ер ости сувлари ва музликлар, ички денгизлар ва денгиз сувлари, ҳамда минтақавий сувлар.
Сувдан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– сув объектларидан улар мўлжалланган мақсадлардагина фойдаланиш;
– сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун иншоотлар, мосламалар ва бошқа объектларни қуриш;
– етказиладиган сув ҳажми ва сифатини текшириш;
– шартномада кўрсатилган сув тўла ҳажмда олинмаган тақдирда компенсация талаб қилиш, қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
– сув объектларидан фойдаланиш бўйича қонунчиликда тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириш.
Қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда, сувдан фойдаланувчилар ҳуқуқлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бошқа давлат манфаатлари, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчилар манфаатлари йўлида чекланиши мумкин. Айни пайтда сув объектларидан аҳолининг ичимлик ва маиший эҳтиёжлари учун фойдаланиш шароитлари ёмонлашмаслиги керак.
Сувдан фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
– сув объектларидан оқилона фойдаланиш, сувдан тежамли фойдаланиш, сув сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида қайғуриш, сув истеъмолининг белгиланган лимитларига риоя қилиш;
– таркибида ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқава сувлар сув объектларига ташланишининг тўлиқ олдини олиш чораларини кўриш;
– бошқа сувдан фойдаланувчиларга берилган ҳуқуқлар бузилишига, шунингдек хўжалик ва табиий объектлар (ерларга, ўрмонларга, ҳайвонот оламига, фойдали қазилмаларга ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслик;
– сувни муҳофаза қилиш ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари ва техник мосламаларни соз ҳолатда сақлаш, уларнинг эксплуатацияга оид хоссаларини яхшилаш, олинаётган сув ҳисобини юритиш;
– сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаш.
Сув кодексида, сув объектларини ифлосланиш, чиқиндилар тўпланишидан;
– қуруқликда жойлашган манбалардан ифлосланиш, чиқиндилар тўпланишидан;
– сув объектлари тубидан иш олиб бориш туфайли ифлосланиш, чиқиндилар тўпланишидан;
– заҳарли кимёвий воситалардан ифлосланишдан;
– радиоактив ва токсин моддалар (материаллар) билан ифлосланишидан муҳофаза қилиниши алоҳида тартибга солинган.
Қишлоқ хўжалиги сувдан фойдаланувчиларининг мажбуриятлари қуйидагича:
– сувдан фойдаланишнинг белгиланган лимитлари, режалари, қоидалари, нормалари ва тартибига риоя қилиш, барча фойдаланиш турлари, шу жумладан бўйлама дренаж учун олинадиган сувнинг ҳисобини юритиш;
– ички хўжалик суғориш, сув қуйиш ва коллектор-дренаж тармоғини ва ундаги иншоотларни, сув олиш скважиналарини техник шай ҳолатда сақлаш;
– мелиорация қилинган ерларнинг комплекс реконструкциясини амалга ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ва кўчатларини суғоришнинг, яйловларга сув қуйишнинг қулай режимига риоя қилиш;
– сувни сақлаш технологияларини ва суғоришнинг илғор техникасини жорий этиш орқали суғориш усуллари ва методларини такомиллаштириш;
– қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ишлатиладиган сувларни мониторинг қилиш асосида салбий жараёнлар сабаб ва оқибатларини бартараф этиш;
– мақсадли равишда фойдаланиладиган сувлар самарадорлигини ошириш.
Хўжаликлараро тизимларни техник шай ҳолатда сақлаш учун сувдан фойдаланувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ирригациявий-мелиорациявий ишларни бажаришга жалб қилинади.
Ўз хўжалигининг ишини ташкил этувчи сув истеъмолчилари қуйида кўрсатилган сувдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини унутмасликлари лозим:
– сув объектларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ёки сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланган;
– сувдан фойдаланиш лимитларини бузган ҳолда сув олган;
– дарёларни булғаган ва ифлослаган;
– сувни булғаш ва ифлосланишнинг ёки сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини оладиган иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган корхоналарни, коммунал объектларни ва бошқа объектларни ишга туширган;
– сувдан (сув объектларидан чиқариб ёки ажратиб олинган сувдан) хўжасизлик билан фойдаланган;
– сув ҳавзаларидан сувни муҳофаза қилиш режимини бузиб, унинг булғанишига, тупроқни сув ювиб кетишига ва бошқа зарарли ҳодисалар рўй беришига сабаб бўлган;
– сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларига шикаст етказган ва уларни вайрон қилган;
– сув хўжалиги иншоотларини ва қурилмаларини ишлатиш қоидаларини бузган;
– сувнинг ҳолатига таъсир кўрсатувчи тўсиқлар, насос станциялари ва бошқа иншоотларни ўзбошимчалик билан қурган;
– сув ҳақи ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун солинган жарималарни ўз вақтида тўламаган;
– режаларда кўзда тутилиб, сувни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлашни, шунингдек сув ҳолати ва режимини яхшилашни таъминловчи гидротехника, технология, ўрмон-мелиорация, санитария-техника тадбирлари ва бошқа тадбирларни амалга оширмаган;
– водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган;
– фойдаланиш ва кузатиш қудуқларини йўқ қилиб ташлаган ёки уларга зарар етказган;
– сув қудуқларини бурғулашнинг белгиланган қоидалари ва технологиясини бузган;
– сувни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмаларини қуришнинг меъёрий муддатларини барбод қилган;
– қурилиши тугалланмаган сувни муҳофаза қилиш иншоотларини уларнинг самарали ишлашига салбий таъсир этувчи кам-кўстини билинтирмай ва лойиҳадан четга чиқишлар билан фойдаланишга топширган;
– сувни муҳофаза қилиш чегараларига риоя этмаган;
– сувдан фойдаланганлик ҳақидаги давлат ҳисоботларини тақдим этмаган ёки ушбу маълумотларни бузиб кўрсатган;
– табиатни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи органларнинг кўрсатмаларини бажармаган;
– алоҳида қўриқланадиган сув объектлари режимини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунларга мувофиқ жиноий, маъмурий ва ўзга тарздаги жавобгарликка тортиладилар.
Қонунларда сув тўғрисидаги бошқа қонунларнинг бошқа турдаги бузилишлари учун ҳам жавобгарлик белгилаб қўйилиши мумкин.
А. УСМОНОВ,
Ўзагроинспекциянинг Қумқўрғон тумани бўлими катта инспектори