Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги қайд этилган. Бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалалардан бири ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини ўз вақтида бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши ҳисобланади. Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа турдаги оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.
Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак. Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади. Ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 96-моддасига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.
Суд амалиётидан бир мисол. Даъвогар С. Д. жавобгар П. А.га нисбатан алимент ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган. Кассация судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туманлараро судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қанотлантирилган. Унга кўра, жавобгар П. А.дан даъвогар С. Д.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун вояга етгунига қадар 2018 йил 14 майдан бошлаб жавобгарнинг иш ҳақи ва барча даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.
Иш ҳужжатларига қараганда, тарафлар 2008 йил 15 декабрда қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар 2008 йил 14 июлда А. ва 2010 йил 9 августда Н. исмли фарзандлари туғилган. Тарафлар 2010 йилдан буён умумий рўзғор юритмайди ҳамда уларнинг эр-хотинлик муносабатлари тугаган. Туманлараро судининг 2018 йил 18 апрелдаги суд буйруғига асосан қарздор П. А.дан ундурувчи С. Д.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган. Суднинг 2018 йил 14 майдаги ажрими билан юқоридаги суд буйруғи бекор қилинган. Судлар амалдаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, даъвони қанотлантириш ҳақида тўхтамга келган. Шикоятда фарзандларнинг 18 ёшгача бўлган даврдаги алимент пулларини тўлаганлиги ҳақида важлар келтирилган бўлсада, жавобгар П. А. ушбу важларни тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган. Чунки жавобгар П. А. томонидан икки нафар фарзандининг таъминоти учун қанча миқдорда ва қачон алимент пулларини тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа асословчи ҳужжатларни илова қилмаган.
Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. “Маъмурий жавобгарлик тґўғрисида”ги кодеснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки мехнатга лайақатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатлдан таъминлаш учун суднинг хал қилув қарорига асосан ёки суд буйруқига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан базавий хисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган ёки мехнатга лақатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жихатдан таъминлаш учун суднинг хал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бґлса – икки йилгача ахлох тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, алиментни ихтиёрий тўлаш учун икки томоннинг ўзаро келишуви она-она учун хам, вояга етмаган фарзандларнинг манфаатлари учун хам энг қулай ва осон ечимдир. Чунки ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришган тақдирда ўзларининг ортиқча вақтлари ва харажатларини тежаш имконига эга бўлади.
        Ш. ЭЛИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди судьяси