Саволларга “Мадад” ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Маматов Фахриддин жавоб беради.
Савол. Мен фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаросига турмушга чиққанман ва ўзбекистон фуқаролигини олганман. Бугунги кунга келиб турмуш ўртоғим билан ажрашмоқчиман. Айтингчи, турмуш ўртоғим билан ажрашсам фуқаролигимни йўқотаманми.
Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 8 моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан никоҳдан ўтиши, шунингдек бундай никоҳнинг бекор қилиниши эр-хотиннинг фуқаролиги ўзгаришига сабаб бўлмайди.
Демак, сиз турмуш ўртоғингиз билан ажрашган тақдирда бу ҳолат фуқаролигингизнинг ўзгаришига сабаб бўлмайди.
Савол. Россия федерациясига ишлаш учун кетмоқчиман. Суд томонидан вояга етмаган фарзандим учун алимент ундириш бўйича суд буйруғи чиққан. Ушбу алимент суммасини олдиндан тўлашим мумкинми.
Жавоб. Оила кодексининг 145 моддасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу кодекснинг 130-134 моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Демак, Сиз Россия федерациясига ишлаш учун кетаётган бўлсангиз, алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиб чет элга чиқишингиз мумкин.