2021 йил 1 январдан идентификация ID-карталари жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Фармон асосида, мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизими жорий этилади.
Идентификация ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан, ID-картанинг чипига киритилади.
Фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
Янги туғилган болага идентификация ID-карталари мажбурий берилмасдан, унинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилади.
Ўрнатилаётган тартибга кўра:
• идентификация ID-карталари белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади;
• идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун мурожаат ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушганда масъул ходим томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда идентификация ID-картаси расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Фармон билан, Ўзбекистон фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисидаги ва Ўзбекистонда доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Ўзбекистон фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш:
• биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
• иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
                                                                    Ў. Холмўминов,
                           туман ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, капитан