Зулфияхоним издошларининг анъанавий танлови

Туманимиздаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби концерт зали хотин-қизларнинг хурсандчилигига хизмат қилди. Чунки бу санъат масканида Зулфия номидаги Давлат мукофотига тақдим этилаётган номзодлар ўртасида танлов ўтказилди. Зал шунга яраша безатилди. З-сонли умумтаълим мактабининг моҳир қўллари жундан тўқиган кийим-кечаклар, сўзаналар ва каштачилик намуналари, 49-сонли умумтаълим мактабининг тўқув дастгоҳлари, тикувчилик ва тўқувчилик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ёш ижодкорларнинг нашр этган китоблари, ўқувчиларнинг спорт мусобақаларида, кўрик-танловларида олган медаллари, фахрий ёрлиқлари ҳам иштирокчиларнинг эътиборини жалб қилди.
Хушовоз сухандонларнинг ёқимли овози янграб танловнинг мақсади билан таништирди.Ёш номзодларга омад тилаб, уларни танловни ўтказиш тартиби билан таништирди. Ҳакамлар ҳайъати аниқланиб, улар йўналишлар бўйича иштирокчилар билан биргаликда ажратилган хоналарда тадбирда қатнашди. 35 нафардан зиёд 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган хотин-қизлар истеъдоди ва иқтидорини намоён қилди. Танлов адабиёт, санъат, маданият, фан, таълим, спорт, жамоатчилик йўналишлари бўйича алоҳида гуруҳларда аниқланди. Шоирларнинг жарангли шеърлар айтиши, рассомларнинг топшириқ асосида тасвирий санъат намуналарини чизиши, санъаткорларнинг қўшиқлари, рақслари, чолғу асбоблари воситасида чалган куйлари дилларга хушнудлик бағишлади. Фан чўққиларини эгаллаган қизлар билимдонлигини кўрсатиб, устозларнинг маслаҳатларини олди. Ҳакамлар ҳайъати фахрли ўринларни эгаллаган муносиб номзодларни аниқлади.

Салима ВАЛИЕВА,
туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари