Деҳқон бозорлари- Ҳалқ фаровонлиги учун хизмат қилади

Воҳамиз бозорлари деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ноз-неъматларга тўла. Айнан пишиқчилик ҳамда аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар заҳираси яратилгани пандемия даврида асқотаяпти. Карантин талаблари асосида фаолият юритаётган бозорларда харидор ва сотувчилар учун бирдай қулайлик яратиш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида мутасаддилар тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Бозорларда ташкил этилган элга хизмат расталарида гўшт, тухум, ёғ каби истеъмолбоп маҳсулотлар бошқа савдо марказларига нисбатан арзон, шунингдек, “Даладан дастурхонга” тамойили остида мева-сабзавот ва полиз экинлари учун алоҳида расталар ажратилган бўлиб, бу ерда қайта ишлаш корхоналари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар, фермер ва деҳқонлар она заминимизда етиштирилган турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқдалар.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳсулот нархларини бир хил ушлаб туришга, аҳолига қулай савдо шароитини яратишга ҳамда деҳқон ва фермерлар орқали харидни биринчи қўл тамойили асосида эркин амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, бозор расталари қайта инвентаризациядан ўтказилиб, деҳқон ва фермерларга бепул расталар ажратиш юзасидан тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Мутасадди ташкилотлар томонидан бозорларда мавжуд савдо расталари бир-бирига жуда мос турдаги маҳсулотларнинг ёнма-ён сотилишини таъминлаш, арзонлаштирилган савдо расталари орқали бирламчи, истеъмолбоп маҳсулотларни тўғридан-тўғри харидини ташкил этиш орқали нарх-навони сунъий ошиб кетишини олдини олиш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
А. Хушбақов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим бошлиғи
М. Примқулова
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори

Нажот топмоқчи бўлган валютафуруш

Бундан бир неча йиллар муқаддам валютани сўмга алмаштириш борасида етарлича муаммоларга дуч келардик. Мана бир неча йилдирки, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қонуний, яхлит бир тизим ишлаб чиқилди.
Шунингдек, банк шоҳобчаларида қатор имконият ва қулайликлар яратилди. Шундай бўлсада, орамизда енгил ва мўмай даромад топиш илинжида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланаётган кимсалар ҳам учраб турибди.
Бу гапимиз валютафуруш Б. Х.га тааллуқли. Қонунга хилоф равишда чет эл валютаси савдоси билан доимий равишда шуғулланиб келган. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, у осонгина мўмай даромад келтирадиган бу “касби”дан осонликча воз кечолмади. Фуқаро Б. Х. харидорга ҳар бир АҚШ долларини 1023 сўмдан ҳисоблаб, 3000 АҚШ долларини 30 690,0 минг сўмга сотишга келишиб, шундан 2300 АҚШ долларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди ва тезкор тадбир жараёнида Б. Х.дан холислар иштирокида жами 2300 АҚШ доллари ҳамда 2 200,0 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, давлат эгалигига ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан қонунбузарга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Азиз ҳамюртлар! Валютангизни банк хизматлари орқали айирбошлашингизни тавсия этамиз. Ноқонуний валютафурушларнинг алдовига учиб, ўз маблағингиздан айрилиб қолманг.
Ш.Азизов,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори
Ж.Олимқулов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим инспектори